Муқаддас динимиз кексаларни ҳурмат қилиш, уларга иззат-икром кўрсатишга тарғиб этади. Бундай хайрли амал Аллоҳнинг амри ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатидир. Каломуллоҳда марҳамат қилинади: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф, 15).

Кексалар деганда биринчи навбатда ота-оналаримиз кўз олдимизга келишини инобатга олсак, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш билан Аллоҳ амрини бажарган бўламиз. Муборак ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”, деганлар (Термизий ривояти). Демак, кексаларни эъзозлашдан биринчи навбатда ўзимиз манфаат топар эканмиз. Қолаверса, “Қадр кўрсатган қадр топади”, деган ҳикмат бежиз эмас. Зеро, қадрлаш – ўзликни англаш, демакдир. Бу ҳикмат замирида имон бутлиги, ахлоқий комиллик, диний ва миллий қадриятларимизга чуқур ҳурмат мужассам.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида, балолар бошингизга селдай оқиб келарди”, деганлар. Бундан англашиладики, хотиржам турмуш, баракотли ҳаёт кечиришнинг бир сабаби кексаларимизнинг ёнимиздалигидир.

Кексаларни эъзозлаш, уларга яхши муносабатда бўлиш қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Конституциямизда ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга, ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур экани белгилаб қўйилган.

Ана шу тамойиллар асосида мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, уларга ажратиладиган ижтимоий таъминот – нафақа ва пенсиялар миқдори муттасил ошиб бораётир. Жорий – 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили”, деб эълон қилиниши бу борада амалга оширилаётган хайрли ишлар самарадорлигини янада юқори босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “...бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим”.

 

Икром АҲМАДИЁРОВ,

Зомин тумани “Қора тепа” масжиди имом ноиби