Устоз Ғуломқодир домла билан ҳар куни кўришардик. Мабодо бирор сабабга кўра учрашмай қолсак, албатта, у киши қўнғироқ қиларди: “Ҳожим, бугун кўришолмадик, соғлик яхшими, хонадонлар тинчми?..”

Охирги марта вафот этмасларидан бор-йўғи икки кун бурун – муборак жума куни кўришгандик. Бирга мавлид ўқидик. Сўнг, одатдагидек дин-у диёнат, оқибат-у садоқат мавзуларида гурунг бўлди. Суҳбатларимиз мудом соз тушарди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди-да. Фасоҳату балоғати ғоят юксак инсон билан мириқиб суҳбатлашмай бўладими, ахир?! Ўша куни Ғуломқодир домла гап орасида киши вафотидан сўнг ҳам манфаат етадиган амаллар ҳақида ўзига хос нуктадонлик ила гапирган эди.

Эртасига – шанба куни кечқурун домла қўнғироқ қилиб, кўришмоқ истагида эканини билдирди. Бажонидил рози бўлдим. Бироқ дийдор насиб этмади. Суҳбатимиздан саноқли соатлар ўтиб, қирқ йиллик қадрдон устозимиз вафоти ҳақида хабар тарқалди...

Алқисса, домла билан дийдоримиз қиёматга қолди.

...Ўлим – ҳақ, жон омонат эканини кўп ва хўп таъкидлаймиз. Бироқ банда эканмизда, икки кунгина аввал қаторимизда қўр тўкиб турган азиз инсоннинг фавқулодда вафотига кўникиш осон кечмаяпти...

Ғуломқодир домла Мирзаёқубов эллик йил динимизга холис хизмат қилди. Қайси вазифада ишламасин – диний идора котиби, масжид имоми, мударрис ёки диний ўқув юрти раҳбарими – зиммасидаги юмушларни сидқидилдан адо этди. Устознинг фаолияти алоҳида мавзу аслида. Аммо бир жиҳатга эътиборингизни қаратамизки, шунинг ўзи ул зотнинг бутун фаолияти ҳақида етарлича тасаввур беради.

Пойтахтнинг Олмазор туманидаги “Имом-Бухорий” масжидини билмаган одам кам. Домла шу масжид имом-хатиби вазифасида узоқ йиллар ишлади. Сирасини айтсак, устоз нафақат мазкур масжид имом-хатиби, балки унинг (масжиднинг) лойиҳаси муаллифи, устабошиси ҳам бўлганди. Бу мўътабар даргоҳ диний идорамиз раҳбариятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ҳамда устозимизнинг елиб-югуриши сабаб бугунги кўринишга келди. Масжид қурилишига 10 йил вақт кетгани эътиборга олинса, бу йиллар мобайнида устозимиз қанчалар риёзат чекканини тасаввур қилиш қийин эмас...

Домла замон билан ҳамнафас уламолардан эди. Дунё воқеаларидан мудом хабардор, айниқса, инсон эътиқоди билан боғлиқ низолар бўлаётган жойлардаги аҳвол, уларнинг келиб чиқиши сабабларини нуктадонлик билан илғаб, жуда асосли хулосалар чиқарардики, мавъизаларимизда улардан баҳоли қудрат фойдаланар эдик. Хусусан, диний мутаассиблик, бунинг натижасида келиб чиқаётган турли бузғунчилик ҳаракатлари-ю ўзгаларга таъсири ҳақида куйиб-пишиб гапирар, бунинг олдини олиш борасида жуда ўринли маърузалар қиларди. Устоз қуйидаги ҳадисни кўп такрорлар эди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Албатта, дин осондир. Ким уни енгишга ҳаракат қилса, дин уни енгиб қўяди. Бас, тўғри бўлинг, имкон борича комилликка интилинг. Ибодатларга куннинг бошидаги, тушдан кейинги ва туннинг охиридаги бардам вақтингиздан фойдаланинг” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, шундай. Динимиз осонликлардан иборат. Ким динда чуқур кетса, бора-бора тўғри йўлдан тойиши мумкин. Яъни ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни қилиб, бидъат ботқоғига ботадики, Исломни ниқоб қилиб, турли бузғунчи ишлар қилаётган кимсалар фожеаси ҳам шунда. Ҳолбуки, Аллоҳ бандаларига ўта меҳрибон Зот. Зеро, Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламас” (Бақара, 185).

Устоз оилапарвар, силаи раҳм борасида барчага ўрнак эди. Домланинг умр йўлдоши отадан етим қолган ўн нафар болаларнинг тўнғичи эди. Устозимиз қайнсингил-қайнукаларига почча эмас, ота бўлди. Ҳаммаларини ўзи бош-қош бўлиб турмушга узатди, уйлантирди, уйли-жойли қилди. Бу гаплар айтишга осон, ёзишгагина осон...

...Ёзаман десак фикр, айтаман десак гап кўп. Устозимизнинг ибратли умри, ҳавасга лойиқ фаолияти ҳақида, насиб этса, яна қалам тутармиз. Ҳозирча ҳақларига дуо қилиб, яқинларига Ўзидан сабру жамил сўрамоқдан бошқа иложимиз йўқ.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

 

Ғуломиддин ЭРГАШЕВ,

Зангиота тумани “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби