Уламоларимиз айтишади: “Олим вақтнинг боласидир”. Дарҳақиқат, барча яхшиликлар, ютуқлар, катта натижалар вақтни тўғри сарфлашдан келиб чиқади. Шу ҳақиқатга мос амал қилган алломаларимиз илм чўққиларини эгаллаш орқали юзлаб бебаҳо китобларни ёзишга эришганлар. Буни Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёт тарзидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Абу Райҳон Беруний астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минералогия, тарих, тилшунослик каби фанларни мукаммал эгаллаш билан бирга араб, суғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий, Ҳиндистондаги санскрит тилини ҳам ўрганди. 150 дан зиёд илмий ишлар қилди, бир неча жилддан иборат асарлар ёзиб, илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшди.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда “Қийматуззамон индал улама” (Вақт олимлар ҳаётида) номли китобида бундай ёзади: Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Хоразмий Беруний (362 – 440) узоқ умр кўргани ва барча фанларни пухта ўзлаштирганига қарамай илм ўрганишда бардавом бўлди. Унинг қўлидан қалам тушмас, кўзлари китоб мутолаасидан, қалби эса фикрлашдан тўхтамасди. Йилда фақат Наврўз ва Меҳрижон кунлари хонадон кам-кўстини бутлаш, ижодга зарур жиҳозларни ҳозирлашга вақт ажратарди. Бу унинг йил бўйи илмни хотиржам давом эттиришга яхши бир имкон эди.

Фақиҳ Абу Ҳасан Али ибн Исо Валвалижи бундай дейди: Абу Райҳоннинг зиёратига борган эдим, вафоти яқинлашиб қолган. У зўрға нафас олар эди. Ана шундай ҳолатда у мендан:

– Тунов куни “Жаддатул фосид” (меросдан маҳрум бўлган буви)нинг ҳисоби қандай бўлади, деган эдинг. У она томонидан бўлардими? – деб сўради.

У кишига раҳмим келиб:

– Шу ҳолатда-я? – дедим.

– Ҳой менга қара, мен дунёдан мана шу масалани билган ҳолда ўтишни хоҳлайман, – деди.

Мен у кишига масаланинг жавобини такрорлаб турдим. У ёдлаб олди. Кейин ҳузуридан чиқиб, эшик олдига етганимда йиғи овозини эшитдим!”

Яхши ишнинг эрта-кечи йўқ. Вақтдан унумли фойдаланиш ортидан ҳайратланарли натижаларга эришиш мумкин. Бизга фахр бўлган барча улуғларимиз вақт қадрини билганларидан шундай даражаларга эришганлар.

 

Саидаҳмад ҒАЙБУЛЛАЕВ