• Рукни: Ибрат

Ҳозирги кунда ҳамма шошилган. Бозорга борасизми, қайсидир бир идорагами ёки бирор дард билан дўхтирхонага кирасизми, қўлида навбат чиптаси бор инсон ҳам “Мен олдин кирсам” деб шошилади. Кекса отахон ёки онахонларни “Сиз кексасиз, менинг ўрнимга киринг”, деб киргазиб юборил­са-ю, майлийди, аксинча, каттаю кичик сабрсизлик қилиб “Менинг ишим тезроқ битсин” деб шошилади. Шундай пайтларда “Эй инсонлар, сабрли бўлинглар!” дегингиз келади.
Сабрли, қаноатли бўлиш инсоний фазилатлардандир. Ҳадиси шарифда сабрни хурсандчилик калити деб таърифланган. Қолаверса, ота-боболаримизнинг “Оч бўл, яланғоч бўл, тинч бўл” деган ибратли нақллари бор. Аслида бу ибора тагида бир олам маъно ётади. Оддийгина мисол: ҳовлимизда боқилаётган қўй ва молларимизнинг охурига тўлдириб ем-хашак солиб қўйган бўлсаг-у, қаршисида бўри турган бўлса, уларга егани сира ҳам юқмайди. Худога шукр, юртимиз тинч, истаган юмушимизни қилишга имкониятлар бор. Фақат бир озгина сабр қилиб, бу неъматларнинг шукрини қилиб яшасак, бас. Ҳақ таолонинг ваъдаси бор: “Яна Раббингиз эъ­лон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қа­самки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим, 7).
Тинчлик-хотиржамлик бор жойда, қут-барака бўлади. Хотиржамлик тагида эса сабр­­лилик ётади. Айрим сабрсиз кимсалар тезроқ катта пул топиш илинжида чет элларга шошиляпти, у ерда ҳам ҳалол меҳнат қилмай, айниқса аёллар бузуқчилик қилишгача етиб боришяпти. Ҳар жойнинг ўз тошу тарозуси бор. Эшитиб, гувоҳи бўлиб турибмиз: бой-бадавлат бўлиш ишқи билан четга бориб, турли хил тузоқларга илиниб, қуллардек ҳаёт кечириб, юртига келолмай юрганларни, айниқса мол-дунёни деб имон нуридан айрилаётганларни кўриш ўта ачинарлидир. Бир ривоятда келишича, денгиз саёҳатида ҳеч бўл­маган бир одам кемада сафарга чиқди. Ногаҳон шамол туриб, тўлқин кучайиб, кемани элай бошлади. Ҳалиги одам таҳликага тушиб, дод-фарёд кўтарди. Жим бўл, де­йишларига қарамай, кемадагиларнинг тинч­лигини бузди. Ҳаммани диққат қилди. Шунда бир доно киши уни денгизга ташлаб юборди. Сувга чўкиб, юзага чиқиб, то ҳолдан тойгунича қўйиб қўйди. Ке­йин сувдан қутқариб олиб, кемани ичига олиб кирди. Ҳалигина дод-фарёд кўтарган одам энди жим эди. Сафардошлар ҳайрон. Шунда доно киши: “Бу одам кема ичидаги тинч­ликнинг қадрига денгиздаги сувга тушиб чиққанидан кейин етди”, деди.
Бу ривоят тинч юртда яшаб, унинг қадрига етмаётган сабрсиз, шукрсиз бандаларга чиройли насиҳатдир. Пешонамиз тошга текканида пушаймон бўламиз, аммо унда кеч бўлади. Ҳамма вақт сабр­ли, бардошли, қаноатли ва шукрли бўлайлик.

 

Омонхон МУҲИДДИНОВ,

Учкўприк тумани “Шоҳ Муқаддам” масжиди имом-хатиби