Қуръони карим суралари панд-насиҳат, зарбулмасал, ҳукмлар ва ўтган умматларнинг қиссаларига бой. Намл сураси улардан биридир. Сулаймон (алайҳиссалом) ва чумолилар ўртасида бўлиб ўтган ибратли воқеа суранинг айнан шундай (чумоли) номланишига сабаб бўлган.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга киринг, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” деди” (Намл, 18). Ояти карима орқали Аллоҳ таоло жажжи махлуқотларни ўзига хос, ҳайратланарли хусусиятга эга қилиб яратганини билдирмоқда. Келинг, ушбу митти жонзотлар ва улар устида олиб борилган текширувлар натижаси билан яқиндан танишамиз.

Огоҳ бўлинг! Хатар...

Имом Шаъровий бундай маълумот келтиради: “Чумолилар ҳаёти ажойиботларга тўла. Иноқлиги ҳамда меҳнатсеварлигидан ўрнак олса арзигулик. Бу, айниқса, озиқ топиш йўлидаги бирдамликда яққол сезилади. Масалан, бирон-бир овлоқ ерга озгина егулик ташланса, бироз ўтиб унинг атрофида бир неча чумоли пайдо бўлади. Озиқни олиб кетишга кучлари етмаса, шерикларини ёрдамга чақиришади. Бундан ташқари улар бир-бирини хавфдан огоҳлантиради. Масалан, ўша тўкилган егулик олдидаги чумолилардан бирини ушлаб ёки ўлдириб қўйилса, хавфдан қутулиб қолганлари бошқаларини огоҳлантиради”.

Машаққатсиз муваффақият йўқ

Чумолилар бир тану жон бўлиб ҳаёт кечиришади. Сонлари қанча бўлишидан қатъи назар, фақат битта йўлакдан юришади. Улардан бири юролмаса ёки касал бўлиб қолса, уни кўтариб инига олиб боришади.

Агар тўда кичикроқ ариқ устидан чиқса, чумолилардан бир қисми ҳеч иккиланмасдан ариқ узра кўприк ҳосил қилади. Бу ҳолатда баъзи чумолилар сувда оқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин иноқлик ва фидойилик сабаб тўданинг катта қисми омон қолади.

Яна бир мисол. Чумолиларга ўзларидан катта ҳашарот ҳамла қилса, жамоат бўлиб бир-бирларини ҳимоялайди. Бунда ҳар бир чумоли ўз жонини асраш учун эмас, балки тўда омон қолиши учун ҳаракат қилади.

Жессика Перселла бошлиқ Лозанна университети олимлари аниқлашича, сув тошқинлари вақтида ишчи чумолилар “жонли” сол (қайиқ) қуришади. Сол марказига она “қиролича” жойлашади. Личинкалар эса четдан жой олади. Солни бошқариш ишчи чумолилар зиммасига юклатилади. Бу билан лат ейишлар ва ортиқча йўқотишларнинг олди олинади.

Бекорчиликдан ақл ўтмаслашади

Бу жонзотлар митти бўлишига қарамасдан барча ишни режа асосида амалга оширади. Улар орасида бекорчиларга асло ўрин йўқ. Эрта тонгдан то кечга қадар терга ботиб меҳнат қилишади. Қоронғи тушиши билан уйга кириб ухлашади.

Улар уйларини ер устига, бир томонини очиқ, иккинчи томонини ёпиқ қилиб қуради. Ёпиқ томонини доимо шарққа, уйга кириш, яъни очиқ томони ғарбга қараган бўлади. Шунинг учун Бразилия каби чумолилар кўп учрайдиган мамлакатларда шарқ билан ғарбни аниқлаш машаққат туғдирмайди. Шунингдек, чумолилар уйларини ертўла, ётоқхона, меҳмонхона, озиқ-овқат омбори каби қисмларга ажратишган.

Кичкина деманг бизни...

Биологлар чумоли ўз вазнидан юз марта оғир юкни кўтара олишини айтишади. Огайо штати университети муҳандисларининг фикрича, чумолилар бўйин бўғими танаси вазнидан беш минг марта оғир юкни кўтарар экан. Бу имкониятни намойиш этиш учун тадқиқотчилар чумолилар ички анатомиясининг 3D моделини ишлаб чиқдилар. Уларнинг фикрича, қаттиқ ва юмшоқ тўқималар бирикмаси бу ҳашаротларнинг бўйин бўғимларининг кучли бўлишини таъминлайди. Механик ва аэрокосмик муҳандислик кафедраси доценти Карлос Кастронинг сўзига кўра, чумолилар анатомияси шунчалар ҳайратланарлики, олимлар шунга асосланиб, ўта кучли фазовий роботларни яратиш устида жиддий бош қотирмоқда.

Нью-Йорк университети биология фанлари профессори Лоуренс Солсбери раҳбарлик қилган тадқиқотлар натижасида чумолининг 400 турдаги ҳидни ажрата олиш хусусияти борлиги аниқланди. Чумолилар ҳид билиш тизимининг тўлиқ харитасини тузиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар илк босқичи натижалари “PLoS Genetics” журналида чоп этилди.

Тежоғлининг иши бежоғли

Стэнфорд университети ҳамжамият эътиборига бир қатор қизиқарли далилларни ҳавола этди. Аризонанинг жануби-шарқий қисмидаги чўлда яшовчи чумолиларнинг ноқулай иқлим шароитида кам ҳаракат қилиб, кучини репродуктив функцияга йўналтиришини аниқлади. Ҳаракат камлиги организмидаги сув захирасини иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, озиқ-овқатни тежаш учун чумолилар тўдаси бир неча кун парҳез тутишлари ҳам мумкин экан. Жамоавий бу хатти-ҳаракат наслдан-наслга ўтади.

* * *

Мазкур маълумотларни ўқиган ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ушбу жажжи махлуқотларни Ўзининг ҳикмати ила яратганига амин бўлади. Чунки Қуръони каримда келган ҳар бир оят инсон учун жуда кўп панду насиҳат ва ибратга эга. Шу митти чумолилардан ҳам кўп ижобий сифатларни ўрганиш мумкин. Ҳатто уларнинг бир-бирига меҳр-оқибати, инсонларнинг иноқлигидан ҳам мустаҳкамроқдир.

Бугунги кунда баъзи давлатлардаги можаролар, инсон қони тўкилишининг асосий сабабидан бири ҳам меҳр-муҳаббат, кечиримлилик каби фазилатлар камёблигидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло махлуқотларга ибрат кўзи билан қарашга доир оятларни нозил қилган.

Тафсири Шаъровий” ва интернет материаллари асосида Абдушукур АБДУҚОДИР ўғли тайёрлади.