Деҳқончилик ҳам бизнеснинг бир турига айланди. Далада кетмон кўтариб юрган одамни деҳқон деб ўйламанг, у чин маънодаги таваккалчи-тадбиркор. Хуллас, бизнинг қишлоқда асл касби-коридан қатъи назар, ҳамма деҳқон. Қиз узатадиган, ўғил уйлайдиган, чала иморатини битирмоқчи бўлганлар буғдой ўрилиши билан ерга сув қуйиб, ҳаракатга тушади. Вақт ғанимат, ерга уруғ қадалгунча ҳеч кимга уйқу йўқ.

Ўтган йили мен ҳам макка экдим. Яна уч шеригимга қарашли макка даласи бизникига туташган. Ёз бўйи ҳаммамиз менинг капамга тўпланиб, гурунглашамиз. Шерикларим деҳқончиликда мендан тажрибалироқ, экин майдони ҳам каттароқ. Табиийки, улар ернинг сир-асрорини яхши биладилар. Мен эса азалий ҳикматни такрорлайман: отасининг дилини оғритган кишининг ҳосили битмайди, топганида барака бўлмайди. Ҳазил аралаш “Қани, ким отасини рози қилган экан, кузда биламиз”, дейман.

Хуллас, тўртовимиз ҳам экинни меҳр билан парваришладик, вақтида суғордик, ўғитладик, зараркунандаларга қарши курашдик. Мен-ку, умримда дадам раҳматлининг юзига тик қарамаганман, қаттиқ гапирмаганман, лекин орамизда кўз илғамас зиддият бўлгувчи эди. Отамнинг гапи – гап, фақат ўз айтганини қилдиришга уринарди, мен бўлсам табиатан эрксеварман. Мана шу феълимиз туфайли баъзан келишмовчилик юзага келарди. Мабодо дадамни ранжитган бўлсам деб тез-тез қабристонга бориб дуо қилдим, хаёлан дадамдан кечирим сўрадим...

Шукр, йиққан ҳосилим ёмон бўлмади, лекин мўлжалдан хиёл паст. Макка эккан яна икки шеригимизнинг оталари ҳаёт. Аммо уларга муносабат ҳавас қилгулик деб бўлмайди. Шу деҳқонлар, гарчи ерга икки баробар кўп ўғит солган бўлсалар-да, кўнгилдагидек ҳосил олишолмади, мулзам бўлиб қолишди, бечоралар. Тўртинчи – ота-онаси оламдан ўтиб кетган шеригимизнинг оиласида катталарнинг ҳурмати баланд, ота-онаси тириклигида уларга меҳр-эътиборни жуда жойига қўйган. Шу йигит ниҳоятда мўл ҳосил олди.

Ер ҳосилини Аллоҳ таолонинг изни билан одамнинг феъл-атвори, қилган амалларига қараб берар экан.

 

Раҳимжон РАҲМАТ