Эрталаб мактабнинг олдидан ўтиб борардим. Болалар ҳам худди катталар ишга шошилгани каби ўқишга ошиқишади. Ўғил-қизларнинг юзларида тиниқлик, кўзлари чақноқ, беғубор. Беихтиёр ўқувчилик даврим ёдга тушди, болаларга ҳавасим келди, уларга фойдали-яхши гаплар айтмоқ ниятим илоҳий калимада жам бўлди: “Ассалому алайкум”. “Ваалайкум ассалом”. Ўзимни ёш булоқлардан илҳом, қувват олаётгандай ҳис этиб борарканман, қулоғимга: “Дарсларни тайёрлаб келмайди. Дафтарлари бетартиб... ўқитувчилар ҳар куни ўғлингиздан шикоят қилишади!..” деган танбеҳли овоз эшитилди. Ўша тарафга қарадим. Мактаб дарвозасининг ёнгинасида қирқ ёшлардаги аёл – тушундимки, ўқитувчи – рўпарасидаги кишига шикоят қиларди. Уларнинг ёнида ерга қараб турган ўсмир бола айни мен ўгирилган пайтда бошини қия қилиб атрофига разм солди, унинг кўзларида хижолатликми, норозиликми... қоришиқ ифода бор эди. “Мен доим дарсингни тайёрладингми, деб сўрайман-ку сендан”, дағдаға қилди ота боласига. “Сўраш керак эмас, кундалик дафтарини, китоб-дафтарларини ҳар куни текширинг!” унинг гапини бўлди ўқитувчи... Суҳбатдан йироқлашиб борарканман, яна ўгирилдим, ҳамманинг кўз ўнгида, ўқитувчи ва отасининг норозилиги, сўроқ-саволларидан бола қандай аҳволга тушди экан, деган хавотирда эдим. Лекин энди у менга тескари турар, назаримда, митти елкалари қушнинг қайрилган қанотларига ўхшарди.

Ўша лаҳзаларда Ўзбекистон Қаҳрамони, хоразмлик устоз ўқитувчи Анора Маҳмудованинг: “Бола мактабга худди байрамга отлангандек қувонч, завқ-шавқ билан келиши керак. Шунда таълим-тарбия олишга иштиёқи ҳам кучли бўлади”, деган гаплари ёдимга тушди. Яна қизимнинг инглиз тили ўқитувчиси Шарофат опани эсладим. Қизиқ, мажлисда айрим ота-оналар ўз фарзандларидан норози ёки хафа бўлиб гапиришса, Шарофат опа: “Йўқ унақамас, болаларимнинг ҳаммаси яхши. Фақат тилини топиш керак”, деб ўқувчиларини ҳимоя қиларди. Ўша ўқитувчининг юзидан нур ёғилиб турарди... Ўқитувчи касбига муносиблик аввало болаларга меҳр-муҳаббатдан, уларни ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилишга, тушунишга, қўллаб-қувватлашга имкон излашдан бошланади, назаримда. Кўз олдимдан нафақат ўқитувчиси ва отасининг, балки ёнидан ўтиб бораётган мактабдошлари, бошқа ўқитувчиларнинг ҳам олдида бошини эгиб, ҳаммага томоша бўлаётганидан хижолатда турган ўқувчи кетмай қолди. Бола – бола-да! Энди унинг ўша ҳолатини юзига солиб қай бир мактабдоши устидан кулиши, уялтириши ва оқибатда ўқувчининг мактабдан, муаллимидан, мактабдошларидан кўнгли совиши ҳам мумкин. Бундай ҳолат билим олишга таъсир этмай қолмайди. Ҳолбуки, муаллим ўқувчисининг ота ёки онаси билан дарвоза олдида тик туриб, баралла овози билан эмас, бошқалар кўзи тушмайдиган хонада ўтириб хотиржам гаплашиши керак, бу – таълим-тарбия бериш этикаси талаби. Тажрибали, фаолиятининг яхши натижалари самарали бўлишини истаган устозлар боланинг камчиликларини айтиб қизартиришдан олдин бу муаммонинг сабабини аниқлаб, ечимини излайдилар. Албатта, муаммо бошқа ўқитувчилар, ота-оналар билан ҳамкорликда ҳал қилинади. Бу жараёнда, муҳими, бола сизнинг меҳрингиз, самимий жонкуярлигингиз, ғамхўрлигингизни ҳис этсин; худди отаси ёки онаси каби яхши кўришингизга ишонсин. Шундагина унинг ўқитувчиларга, ўқишга муносабатида, юриш-туришида кутилган натижалар бўлади, иншоаллоҳ.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА