Ҳикматлар эшитишни истаган инсон кўпроқ ёши улуғлар билан ҳамсуҳбат бўлади. Шунда ҳаёт қадрига етади, ҳар бир кунига шукр қилиш кераклигини тўлиқроқ англайди.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Истиқлол” маҳалласида яшайдиган Жўрахон аяни бир юз уч ёшлари билан муборакбод этиш ниятида ҳамда ширин суҳбатларидан баҳраманд бўлайлик деб, зиёратга кирдик.

Онахон ҳаёт йўлларини, бошларидан ўтган воқеаларни куюниб, алам билан эсладилар, бугунги доруломон кунларимиз ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

– Банданинг боши тошдан ҳам қаттиқ деганлари рост экан. Биз кўрган қаҳатчилик йилларида пул бор-у, лекин сотиб олишга емиш йўқ. Очарчиликдан элнинг силласи қуриган, бир бурда зоғора нонга ҳам зор эдик. Қийинчилик устига қийинчилик келарди. 1937 йилда қама-қама, кейин иккинчи жаҳон уруши бошланди. Эркак борки, бари урушга жўнатилди, оғир-енгил юмушларнинг бари аёлларга қолди.

Тонгдан-тунгача, тундан-тонггача ишлаб, иш ҳақи эса битта нонга етар-етмас, юпун кийимлар минг ямоқ эди.

Узун кечаларни Аллоҳ таолодан яхши кунларга етказишини сўраб, дуою илтижолар қилиб ўтказардик.

Бугунги шароитлар, қулайликлар, тўкинчиликларга шукр қилмай бўладими? Ёшларга доим: “Сизларга давлат шунча шарт-шароит яратиб берган бўлса, яхши ўқинг, ҳунар ўрганиб, ризқингизни ҳалолидан топинг. Бўлар-бўлмас йўлларга кирмасдан, давлатимиз, юртимизнинг обрўсини кўтаринглар, шукр қилиб яшанглар, дейман.

Онахоннинг сўзлари, кўрган-кечирганлари бизга ибрат, тинч-осойишта кунлар қадрига етишимиз учун катта сабоқдир.

 

Шукур МУҲСИМОВ