– Тузукмисиз, буважон? Оёғингиз азоб бермаяптими?

Бувамнинг табассуми ажойиб – лабининг бир чеккаси хиёл кўтарилади:

– Худога шукр, болам, яхшиман. Тошкентдан дори юборган экансан, суртиб турибман. Оғриқларим анча камайди, насиб этса, яқинда бутунлай тузалиб кетаман.

Бутунлай тузалиб кетмаслиги бувамнинг ўзига ҳам аён. Ярим асрдан ошибдики, мушаклар орасида қолган ўқ парчаси оёғини қақшатиб, борлигини билдириб туради.

Болалигимизда уруш ҳақида кино берилса, бувамни саволларга кўмиб ташлардик: “Милтиқдан отганмисиз? Эгар устида яраланиб, ҳушингиздан кетганингизда сизни отингиз опқочиб қутқаргани ростми? Берлингача боргансиз-а?”

Бувам қўл силтарди:

– Қўйинглар, болаларим, ўша кунларни эсламай... Ўз уйимда, бола-чақа даврасида тинчгина ўтирганимга шукр.

Бироқ бувам, айтганидек, ҳеч қачон тинчгина оёғини узатиб ўтирмайди. Эрта саҳардан ҳовлида ғимирлаб юради, ўзига юмуш топади. Тоғам жиғибийрон бўлади:

– Оғилхонанинг иши сизга қолдими, дада! Уриниб қоласиз-ку!

Бувам хокисоргина кулимсирайди:

– Бекор ўтирмай, дейман-да, болам. Шунга қодир қилиб қўйганига шукр.

Бир умр мактабда меҳнатдан дарс берган бувамнинг қўли доим банд – алланималарни тўғрилайди, тузатади, ямайди... Қўни-қўшнилар ҳам ўрганиб олган, бирор рўзғор анжоми бузилса, дарров кўтариб чиқишади. Шу баҳона бирпас гурунг­лашиб ўтиришади. Гап айланиб, униси дардини дастурхон қилади, буниси ғамини – дос­тон. Бувам сабр билан эшитади. Аммо ўзининг ҳаётдан нолиганини, тақдирдан норози бўлганини эслолмайман. Ҳатто инсон учун энг оғир синов – фарзанд доғини кўрганида ҳам. Олдин тўнғич қизи, кейин ўғли...

Бувам ўтирса ҳам, турса ҳам, қўлини дуога очиб, шивирлайди:

– Ўзингга шукр, Яратган Эгам, кўрсатган кунингга шукр. Қолганларини паноҳингда асра...

Беш-ўн йил нари-берисида икки ҳассага таяниб қадам ташлаган бувам охирги пайтлари умуман оёқдан қолди.

– Зерикиб қолмаяпсизми, буважон?

– Йўғ-э, нега зерикай! Худога шукр, жиянинг аравача олиб берди. Манави тўполончиларни тиззамга ўтқазиб, ҳовлини айлантириб юраман.

Шундай дея ногиронлар аравачаси атрофида чопқиллаб юрган чевараларига нигоҳ ташларкан, бувамнинг юзи ёришади.

Хазонрезги маҳали эди. Қўнғироқ бўлди... Фарзандлар, набиралар йиғилдик. Тўқсоннинг этагини тутган бувам шифтга қараб ётганча оғир-оғир нафас олади, ора-сира титроқ қўллари билан қачонлардир ўқ еган оёғини сийпаб қўяди.

Далдага сўз топилмайди. Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Сукунат қулоқни тешиб юборай дейди. Ахийри...

– Тузукмисиз, буважон?

Бувам синиқ кулимсирайди:

– Яхшиман, болаларим. Мана, ҳаммангизни кўриш насиб қилди, армоним йўқ, Худога шукр...

Яқинда бувамни туш кўрдим. Лабининг бир чеккаси хиёл кўтарилган, мамнун кулиб турганмиш...

Юлдуз ҲОШИМОВА