Сафарга чиққан киши йўлда ажабтовур боғга дуч келди. Дарахтлари кўкка бўй чўзган, майин барглари шаббодада ёқимли шитирлайди, сархил меваларнинг хуш бўйи димоқни қитиқлайди. Йўловчи боғнинг эгасини топиб, ичкари киришга изн сўради. Боғбон унга рухсат берибгина қолмай, қўлига бир сават ҳам тутқазди.

– Шуни тўлдириб кўнглингиз тусаган мевалардан териб олишингиз мумкин. Фақат бир гап эсингизда турсин: боғга қаршингиздаги дарвозадан кириб, нариги тарафдан чиқиб кетасиз. Орқага йўл йўқ!

Мусофир юраги ҳаприқиб саватни кўтарганча ичкарига қадам ташлади. Ғарқ пишган мевалар “мени уз” дегандек ял-ял ёниб, шундоққина тепасида осилиб турарди. Энди қўлини чўзмоқчи бўлганди, нарироқдаги мевалар кўзини қамаштирди. Олдинга юрган сари дарахтлар кўркамроқ, ҳосили чиройлироқ кўринаверди. Йўловчи шошиб қолдими ё саватини вақтидан илгари тўлдириб, энг сара мевалардан қуруқ қолишдан чўчидими, ҳар ҳолда боғ этагига етиб келганида... савати бўм-бўш эди. Орқага эса йўл йўқ.

Инсон умрини дунё аталмиш маконнинг бир эшигидан кириб, бошқа эшигидан чиқиб кетувчи йўловчидек яшаб ўтади. Ундаги ҳар кун, ҳар лаҳза хайрли ишлар учун берилган имкониятдир. Бу маконнинг поёни қаердалигини, умр интиҳоси қачон етишини ҳеч ким билмайди. Вақт ғанимат, эзгу амалларимиз “савати” бўш қолмасин...

 

Мақсудали ҚОСИМОВ,

Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Еттичинор” жоме масжиди имом-хатиби