Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур.

У билимдон ва қудратлидир” (Рум, 54).

Ислом дини ота-онага, ёши катталарга яхши муносабатда бўлишни буюради. Раҳматнинг қисмлари ва турлари кўп бўлиб, улардан бири кичикларнинг ёши катталарга раҳмати ва марҳаматидир. Кичикларнинг катталарга шафқати, меҳр-оқибати Аллоҳ таолонинг раҳматидандир. Зеро, катталар кичикларга илтифот кўрсатгани каби кичиклар ҳам ёши катталарга мурувватли, ғамхўр ва меҳрибон бўлишлари улуғ фазилатдир. Ёшлар бу дунё қайтар дунё эканини уқиб олмоқлари зарур. Ҳар кимнинг яхшилиги яна ҳам яхшироқ бўлиб, ёмонлиги эса ёмонроқ бўлиб кейинги авлоддан ўзига қайтади.

Оятнинг мазмунидан банданинг икки заифлик ўртасида қувватга тўлиши маълум бўляпти. Яъни, умрнинг бошланишида бир заифлик ва умрнинг якунида яна бир заифлик бордир. Икки заифлик орасидаги қувватли фасл инсоннинг ёшлиги, ҳиммату ғайрат тўлган давридир. Безамоқ вақтидир умр дафтарин, деганларидек, бу куч-қувват, ирода ҳамда ғайрат умр неъматидан унумли фойдаланиш ва бошқа яхшиликларни қилиб олиш учун ғаниматдир.

Онадан дунёга келган заиф ва нимжон мурғак гўдак катта меҳрга, парвариш ва ҳимояга муҳтож бўлади. Соатма соат, кун кетидан кунлар, йиллар ўтиб куч-қувватга тўлади. Ғайрати жўш урган, беғубор наш­ъу намоларга ғарқ бўлган ёш йигит ва қизларга айланади. Мана шу дамларини умрининг энг гўзал, бахт-саодатга тўлган даври эканини улғайгани сайин чуқур анг­лаб боради. Чунки вақт ўтиши билан бу жўшқинлик, куч-қувват ожизлик, дармонсизликка енгилиб, кексалик синовлари бир-бир ўзидан хабар бера бош­лайди: қулоқ шанғиллайди, гап-сўзлар чала эшитилади, кўз ҳам нури камайиб хира тортади. Шахдам, енгил юришлар ўрнига секин-секин, эҳтиёткор қадам қўйишга тўғри келади. Бирон нарсага суянмай ўриндан даст туриб кетиш ҳам қийин... Ёш яна ҳам улғайганда инсон тўшакка михланиб қолиши мумкин. Шундай вақтда дилдан гаплашадиган ҳамсуҳбатга муҳтож бўлади, атрофидагиларнинг эъти­бори, ғамхўрлигини сезмаса, ўзини ёлғизланиб қолгандек ҳис этади.

Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Модомики, кекса инсоннинг ёши улуғлиги учун бирон йигит-қиз унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, Аллоҳ таоло ёши улуғликка етганда уни ҳам ҳурмат қиладиганларни тайёрлаб қўйди”.

Ҳадиснинг чуқур балоғат ва фасоҳат билан айтилган бир нуқтаси бор. Наздимизда, инсон ёшлигида катталарга хизмат қилаётган бўлса, уни ҳам улғайганда ҳурмат қиладиганларни “тайё­рлаб қўяди”, дейилиши керак эди. Аммо шундай бўлиши аниқ ҳақиқат, деган маънода “тайёрлаб қўйди” деб айтилмоқда. Чиндан ҳам ҳурмат қилган ҳурмат топади. Яна бир нозик нуқта, “унинг ёши улуғликка етганда...” деган ибора билан кексаларга хизмат қилган, дуоларини олган, кўнгилларини топган йигит-қизларнинг умри узоқ бўлиши башорат қилинмоқда. Демак, фарзандлар, ёшлар ўзларидан катталарнинг, айниқса, ёши улуғларнинг кўнгилларига йўл топишлари, доимо ширин муомала қилиб, уларга ёрдам ва шафқат кўрсатишлари ўзларига келажакда бундан ҳам яхшироқ кунлар насиб этишига замин яратганларидир.

 

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкент шаҳридаги "Яккасарой" жоме масжиди имом-хатиби