• Рукни: Ибрат

Одатда, бизга яхшилик қилганларга раҳмат айтамиз. Лекин кимдир ҳар қадамда "ташаккур"дан чарчамайди, бошқа кимдир эса, "Раҳмат"ни насия қилиб кетади.

Руҳиятшунослар шукроналикни турмуш, оила, иш фао­лияти ва бошқа жабҳаларга уйғунлик берувчи фазилат деб эътироф этади. Миннатдорлик неъматларни тан олиш бўлиб, катта жасорат, яхшилик қилиш билан баробардир. Афсус, баъзида буни унутиб қўямиз.

Шукрсизлик нимадан келиб чиқади? Маълумки, тафаккур "сабаб-оқибат" деб аталадиган қолипдан иборат бўлиб, муаммога дуч келганда айбдор қидиради, адолат ва ноҳақликка ҳукм ўқийди. Дунё­ни, одамларни, вазиятни борича қабул қилмасликдан норозилик кучайгани сари руҳ заифлашади ва ношукрлик ҳужумга ўтади. Ношукрлик руҳиятшуносликда борлиққа тажовуз қилиш, уни ўзгартиришга уриниш, деб аталади.

Шукр қилиш тақдирни тубдан ўзгартириши мумкинлигини, кишини ҳатто оғир касалликдан қутқаришини эшитганмисиз? Тиббиёт изоҳ топиб беролмайдиган ҳолатлардан бири айнан шукроналик билан боғлиқ. Руҳиятшунос Жо Витале ҳикоя қилади: "Жонатан исмли беморнинг иккала ўпкаси шамоллаган, унга ҳеч нарса ёрдам беролмайдигандек эди. Аммо у тушкунликка тушмади. Қоғозга битта гапни ёзиб уйининг ҳар бир бурчагига илиб, шу жумлани тинмай такрорлайверди, тасмага ёзиб сон минг марта эшитди. Бу гап унинг шуурига сингиб кетди: "Худойим, етказганингга ва энди етказадиган неъматларингга шукр". У 24 соат ичида дардидан фориғ бўлди".

"Трансерфинг" (ҳаёт оқимларида сузиш) китоби билан шуҳрат қозонган руҳиятшунос Вадим Зеланд ношукрлик ҳақида шундай ёзади: "Нимадандир қаттиқ норози бўлиш айнан шу нарсани исташ билан баробар. Негаки, сиз ҳаёт оқимига қарши бор­япсиз. Мувозанат сақланиши учун бу кураш сизнинг зарарингизга ҳал бўлади. Яъни, шундай аянч аҳволга тушасизки, аввалги ҳолатингиз ҳолва бўлиб қолади: пулсизликдан нолиган одамнинг бири ҳеч икки бўлмайди, саломатлиги ёмонлашади ва агар ношукр­ликда давом этаверса, ҳартомонлама бошқаларга қарам бўлиб қолади. Ҳар қандай қийин пайтда ўзингизни қўлга олинг. Аҳволингиз ҳозир қанчалик ёмон бўлса, кейин шунчалик яхши бўлишига ишонинг. Тасаввур қилинг, истаган нарсангизга эришиб бўлгансиз, кўнглингиз хотиржам ва бундан қониқиш ҳосил қилинг. Шундагина ниятингиз амалга ошади".

Ношукрлик манманлик белгиси экан, ундан қутулган яхши. Руҳиятшунослар даволашга уринадиган кўп хасталиклар ҳам айнан шукр қилишни унутиб қўйишдан бошланади.

 

Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.