Шамсиддинхон Тошкентда таниқли дин арбоблари сулоласи – Бобохоновлар оиласида туғилди. Ўрта мактабни битириб, 1955 йили Тошкент чет тиллар институтининг инглиз тили факултетига ўқишга кирди. Аъло баҳоларга ўқиб, институтни битирганидан сўнг, аспирантурада қолди. 1961 йили собиқ иттифоқ Фанлар академияси Шарқшунослик институти (Москва) аспирантурасига ўқишга кирди. Москвада араб филологиясига қизиқиб қолди ва араб тилини ўрганишга киришди.

1962 йили аспирантурада ўқиш билан бирга Москвада янги ташкил этилган Иттифоқ мусулмонлар ташкилотлари халқаро алоқалар бўлимида ишлай бошлайди. Кўп ўтмай унга Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетида ўқишга йўлланма беришди. Мисрда ўқишни тугатиб, 1966 йили яна Москвага қайтиб, Иттифоқ мусулмонлар ташкилотлари халқаро алоқалар бўлимида ишлашни давом эттирди.

1973 йил июнда “Араб тилида иккиланган сонлар категорияси” мавзусида номзодлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Олий аттестация комиссияси қарори билан унга филология фанлари номзоди илмий даражаси берилди.

Шамсиддинхон собиқ Иттифоқ мусулмон ташкилотлари халқаро алоқалар бўлимида ишлаган йиллари мобайнида отаси Зиёвуддинхоннинг содиқ ёрдамчиларидан бирига айланди. Хорижий мамлакатлар мусулмонлари билан халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш ишларида фаол иштирок этди. Мамлакат мусулмонлари вакиллари таркибида халқаро диний анжуманларда қатнашиш, диндошларимиз ҳаёти билан танишиш учун бир неча бор чет эл сафарларида бўлиб қайтди. Шу тарзда у бошқа мамлакатларнинг диний ва жамоат арбоблари ва ташкилотлари билан танишиб, улар билан яхши алоқалар ўрнатди.

Россиянинг йирик шарқшунослари ва тилшунос олимлари билан мулоқотлари, дўстлиги Шамсиддинхон ҳаётида ўчмас из қолдирди, устозларидан кўп нарса ўрганди. Қўп ўтмай ўзи ҳам шарқшунослик олимларнинг илмий давраларида танилиб қолди.

1974 йили Шамсиддинхон Бобохонов Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Олий маъҳадига проректор этиб тайинланди, орадан бир йил ўтиб эса ректор лавозимига кўтарилди. Айни мана шу йиллари отаси муфтий Зиёвуддинхон Бобохонов билан бирга малакали диний мутахассислар тайёрлашда алоҳида ғайрат кўрсатиб ишлади. Кенг фикрли ва дунё кезган раҳбар бўлганидан олий маъҳаднинг моддий-техникавий асосини ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Илм масканига энг моҳир, тажрибали дин олимлари, шарқшунослар ва тилшуносларни ишга таклиф этди. Улар маъҳадда таълим олаётган талабаларда мусулмон мутахассисига хос чинакам инсоний фазилатларни шакллантиришди.

Олий маъҳад раҳбари сифатида у турли мамлакатларнинг исломий ўқув юртлари, тадқиқот марказлари ва ташкилотлари билан яқин алоқалар ўрнатиб, ҳамкорликни мунтазам ривожлантириб борди. У ноширлик ишларига ҳам катта аҳамият берди. Ислом ўқув юртлари талабалари учун дарслик ва қўлланмалар нашр эттирди. Шахсан ўзи чет эллик ва ўрта осиёлик кўп олимларнинг илмий китобларини чуқур ўрганди, таржима қилди. Мусулмонларнинг барча яхши ниятли одамлар билан бирга тинчлик, дўстлик, халқлар ҳамкорлиги йўлида ва илоҳий неъмат бўлмиш ҳаётни ядро ҳалокатидан асраб қолиш учун олиб бораётган курашларига бағишланган қатор китоблар ва мақолалар ёзди. Айни шу йиллари исломий илм-фан олами доктор Шамсиддинхон Бобохонов салоҳиятини юксак баҳолаб, уни йирик олим ва дин арбоби сифатида эътироф этди. Шамсиддинхон марҳум отаси каби мусулмонларнинг Боку, Москва ва Тошкент шаҳарларида ўтган халқаро анжуманлари ташаббусчиси бўлди. Жаҳондаги энг йирик динлараро, халқаро анжуманларнинг ташкилий қўмиталарига аъзо бўлиб, улар ишида фаол иштирок этди. Ўзининг кўп мавъизаларида мусулмонларни пок исломий эътиқодни ёйишга, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга, мутаассиблик ва террор-зўравонликка қарши курашга чақирди.

Шамсиддинхон Бобохонов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини, унинг жаҳон ҳамжамиятига тенгҳуқуқли аъзо бўлиб киришини катта қувонч ва кўтаринкилик билан қарши олди. Кўпгина унга тенгдош одамлар яқин ўтмишни қўмсашга ёки иккиланишга берилишганида, Шамсиддинхон ака қатъият билан олдинга интилди.

Шамсиддинхон ака миллий истиқлолимиздан кейинги йилларни унга Аллоҳ таоло ҳаётда ато қилган чинакам қимматли неъмат деб биларди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари Шамсиддинхон Бобохонов бир қатор мамлакатлар, жумладан, Миср Араб Республикасида, Саудия Арабистони Қироллигида, шунингдек, ўриндошлик асосида Жазоир, Баҳрайн, Кувайт ва Иорданияда Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб самарали ишлади. Ушбу араб мамлакатлари давлат бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси элчиси Шамсиддинхон Бобохоновнинг ишонч ёрлиқларини катта ҳурмат билан қабул қилишди.

Тажрибали элчи ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси сифатида Шамсиддинхон Бобохонов республикамизнинг халқаро алоқалари ва дипломатияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди.

Яхши инсон тўғрисида ёзмоқчи бўлсанг, табиий равишда қандайдир юксак ва чиройли сўзлар, кутилмаган иборалар билан бошлагинг келади. Шамсиддинхон Бобохонов чинакамига ажойиб инсон эди. Шу боис ишонч билан таъкидлаш жоизки, дин ва давлат арбоби, олим ва дипломат сифатида у ҳеч қачон маълум бир тор доирада ҳаракат қилмас, яъни умум қабул қилинган қолипларга сиғмас эди. У “қолипга сиғмас”, бунинг устига, хизмат мавқеи, ижодий ютуқлар ёки моддий бойликлар учун ўзига олдиндан қандайдир чегаралар қўйиб олмасди. Шамсиддинхон Бобохонов ҳамиша келажакка ишонч, қатъий интилиш билан яшар, бошқаларни ҳам ҳаётсеварликка чақирарди.

Шунинг учун ҳам одатда ўтганлар шаънига гапириладиган умумий, “навбатчи”, “чиройли” сўзларни Шамсиддинхон акага нисбатан қўллаш ноўрин бўларди. Балки кимгадир муболаға бўлиб туюлар, аммо мен журъат билан: “Шамсиддинхон ака яхши ишлари билан ҳамон орамизда яшамоқда” деб айта оламан. Чиндан ҳам биз – қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасблари орасида унинг кўз илғамас иштироки гўё давом этаётгандек туюлади.

Шамсиддинхон аканинг суратларини кўздан кечирарканман, уларнинг аксариятида Шамсиддинхон акани олға интилаётган, шиддатли, тутқич бермас инсон қиёфасида кўрдим. Тасвирда муҳрланган бўлса-да, у гўё суратдан чиқиб кетадигандай қандайдир навбатдаги бир мўлжалга отилаётгандай кўринади. Шунда ўз-ўзидан кўнглимда бир истак туғилади: Аллоҳ таоло ҳар биримизга ҳаётда мана шундай ёрқин, доимо яхшилик сари интилишда, ҳаракатда, ҳамиша парвозда яшашни насиб этсин. Чунки бундай парвоз жисмоний эмас, балки маънавий парвоздир.

 

Амирсаидхон УСМОНХЎЖАЕВ