• Рукни: Ибрат
Яқинда бир хонадонда таъзия бўлди. 57 ёшли аёл вафот этди. Икки йил олдин саратонга чалинган экан. Фарзандларининг сўзларига қараганда, касаллик ниҳоятда оғир бўлган. Охирги икки ой тўшакда ётиб қолган. “Шунча пайт бир жойда ётган бўлса...Устига-устак саратон...” Кейинроқ бу ўйларимдан уялиб кетдим. Маййит ювиб бўлинганида хона хуш ҳидларга тўлган эди. Машааллоҳ... Бу аёлнинг қандай сифати бўлганки, хона иси бунчалар ёқимли... Ҳамма унинг жуда лобар, мулойим ва хушфеъл бўлганини айтарди. Маййит олиб кетилганидан сўнг, ҳовлида қудалари билан суҳбатлашиб қолдим.
«Қизимдан жуда хавотирланар, “Қанақа оилага келин бўларкин”, деб роса қўрқардим. Келин бўлиб тушганига саккиз йил бўлди. Уйга ҳар келганида ойижонисини мақтагани-мақтаган. “Қаттиқроқ туринг, қуда”, десам, “Қизингизга жуда чиройли тарбия бергансиз, сизга катта раҳмат”, дерди. Шундай эрка қизим қайнонаси измига тушди-қолди. Ҳатто ойижонисига ўхшашни орзу қилишини айтган. Ўзим маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Шикоят билан келганларга қудамни намуна қилиб, сўзлаб бераман. Кимларга сабоқ, кимларга ўрнак бўлмади дейсиз?!»
“Қудам тилла аёл эдилар. Турмуш ўртоқларига қиладиган муомаладан ҳам таъсирланардим, ҳам уялардим. Уялганим – аёл бўлиб мен шунақа чиройли муомала қилолмасдим-да! Қизим шу хонадонга келин бўлиб тушгач, бир куни менга танбеҳ берди: “Сиз ҳам ойижонимдан ўрнак олинг, дадамга қандай чиройли муомала қиладилар. Хизматларини, юмушларини ҳеч оғринмай, малолланмай бажо келтирадилар”.
Икки қуда таърифидан ҳайратда қолдим. Ҳатто кўзларимга ёш келди. Шундай дилбар аёлнинг умри қисқа экан, Аллоҳ раҳматига олсин, дейман. Бу аёл оила аҳлларини, қариндош-уруғларни бир-бирига шундай меҳр-оқибатли, ҳурмат-эҳтиромли қилиб қўйган. Ёмонини яшириб, яхшисини оширган. Қанча-қанча қуда-андаларнинг можаролари, эр-хотин ўртасидаги жанжаллардан зада бўлган кўнглимга, бу оила худди сув ўртасида якка-ёлғиз турган нилуфар гулига ўхшаб кўринарди.
 
Феруза СУЛАЙМОНОВА,
Тошкент шаҳри