Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Мамлакатимизда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида бу эзгу қадриятлар янада сайқал топди. Юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатган аждодларимиз руҳини хотирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, бугунги авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етишида ўзининг улкан ҳаётий тажрибаси орқали ибрат бўлаётган кексаларимизни қадрлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): "Инсон вафот этганида амали кесилади, фақат уч нарса – одамларга қолдирган  давомли садақаси, фойдали илми, ва тарбиялаган солиҳ фарзандларидан унга савоб етиб туради", деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, ўтганларни хотирлаб, уларнинг фаолияти ҳақида сўз юритганимизда, албатта, ибратли ҳаёти ва қолдирган маънавий мероси фахр билан тилга олинади. Шундай инсонлардан бири Абдурашид қори Баҳромовдир.

Бошланғич диний таълимни падари бузруквори Абдулмўмин қоридан ўрганиб, 16 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган Абдурашид қори Баҳромов 1975–1979 йиллари Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида, 1979–1981 йиллари Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттирди. 1979–1997 йиллари Тошкент Ислом институтида мударрис ҳамда "Тилла шайх" жоме масжидида имом-хатиб бўлиб хизмат қилди. 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Миср Араб Республикасининг "Ал-Азҳар" университети малака ошириш курсида таҳсил олди. 2006 йили апрел ойида Миср Араб Республикасида ўтказилган анжуманда "Ал-Азҳар" университетининг фахрий талабалигига қабул қилинди.

Мамлакатимизда Ислом динининг асл моҳиятини кенг халқ оммасига етказиш йўлида фидокорона меҳнат қилган, меҳробхон ҳофиз Абдурашид қори Баҳромов қисқа ва сермазмун ҳаёти давомида кўп хайрли ишларга бош бўлди. У зотнинг хулқлари Қуръон билан зийнатланган эди. Қайси ҳолатда бўлмасин, одамларга очиқ чеҳра, ёруғ юз билан муомала қиларди. Аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва миллий-диний қадриятларимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилган кўплаб халқаро ва республика миқёсидаги анжуманларда иштирок этиб, маърузалар қилди.

Етук диний арбоб, ҳанафийликка оид асарлари ва савобли ишлари билан нафақат Республикамизда, балки Ислом оламида катта обрў-эътибор қозонган Абдурашид қори Баҳромовнинг ҳаёт йўли мўмин-мусулмонлар қалбида ўчмас из қолдирди.

У зотнинг серқирра фаолияти Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилишнинг юксак намунаси эди. Ҳазратнинг ватанпарварлик, ҳалоллик, ҳақ­гўйлик ва эзгулик тамойилларига ҳамда ҳанафийлик тар­ғиботига йўғ­рилган намунавий ҳаёт йўли барчамизга катта ибрат мактаби бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло у зотнинг охиратларини обод айласин!

 

Рустам ЖАМИЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири