Хизмат жойимга яқинлашганда, кундалик салом-алик туфайли қадрдон бўлиб қолган фаррош аёлни учратаман. Кўчаларни супуриб-тозалаб, уйига кетаётган бўлади. Кулиб турган юз-кўзи, тик қомати, чаққон қадамларига ҳавасим келади. Биламанки, осмонда юлдузлар ҳали хира тортмасидан хизматга чиқиб келган. Эри, учта ўғлига овқат пишириш, кийим-бошларининг тозалиги, уй ишлари шу аёл зиммасида. Бу юмушлардан бўшаган пайтида тикувчилик қилади. Ҳазиллашиб: “Ҳар куни саҳарда кўча супурасиз. Ҳовли-жойингиз-чи?” деган саволимга: “Аввало уй-жойим озода, саришта бўлсин-да! Шомдан олдин чиннидай тозалаб қўяман”, дейди.
Янги кун бошланиб, ҳали ишга қўл урмасимдан жисмимни ланж қилган ўй-хаёллар юки остида борарканман, рўпарамдан ўша фаррош аёл кулиб чиқди. Ҳол-аҳвол сўрашдик.
– Чарчамадингизми?..
– Нимага чарчайман? – кўзлари чақнаб жавоб берди у. – Эрта тонгда тоза ҳаводан нафас олиб, кўчалар юзини очганимдан яйрайман. Кун ёришгани сайин одамлар бир-бир салом бериб ўтишади, бомдод намозини масжидда ўқийдиган отахонлар дуо қилишади, Аллоҳга шукр. Энди уйга кириб, эрим ва болаларимнинг нонуштасини берсам, яхши кайфиятда ишга кетишса, кучимга яна куч қўшилади...
Бу гаплардан таъсирланиб борарканман, яқинда бўлиб ўтган воқеа беихтиёр ёдимга тушди: бир сабаб билан анча кечга қолиб автобусда уйга қайтаётгандим. Чиптачи кексароқ йўловчидан чиптасини сўради, у одам қўлидаги халтасини титкилади, чўнтакларини кавлаб чиқди-да:
– Ҳалигина ўзингдан олдим-ку, ўғлим, – деди. – Қаерга қўйибман, қарилик қурсин, ҳозир...
– Балки ерга туширгандирлар, – деб гап бошлаган одамга, чиптачи:
– Сиз аралашманг, – деди зарда билан. – Олинган бўлса, қаёққа кетади? Ота, чиптангиз бўлмаса, ҳозирги бекатда тушасиз! Эрталабдан буён тик оёқдаман, чарчадим, ҳали яна ҳисоб-китобим бор...
Ҳақиқатан ҳам унинг юзи ҳорғин, ёш бўлишига қарамай, елкалари осилиб турар, сўзлари, кўзлари асабий, ўзидан бошқани тушунишни истамасди. Ҳамма бир томон-у, чиптачи бир томон бўлди – гапидан қайтмади. Навбатдаги бекатда отахон “Майли, майли”, деб автобусдан тушди. Мен ҳам манзилимга етиб келгандим. Пастга тушдим-у, лекин: “Шу пайтда яна автобус келармикин, отахоннинг йўлкираси бормикин, ишқилиб? Жуда андишали одам экан, набираси тенги чиптачига гап қайтармай тушиб қолди...” деган ўйлар мени бекатга боғлаб турарди. Хайрият, шитоб билан бошқа автобус келди, эшиклари очилиши билан чиптачи:
– Қани, кетасизларми? Чиқинглар, – деди.
Ота тортиниб гап бошлади:
– Болам, мен охирги пулимни тўлаб, шу ергача келдим, энди...
Чиптачи чаққонлик билан отанинг қўлидаги халтани оларкан, лутф қилди:
– Сиздек нуронийлар йўлини яқин қилмасак, дуони кимдан оламиз?! Чиқа қолинг, қўлингизни беринг, ана-а... кетдик!
Назаримда, автобус ҳам, унинг ичидаги одамлар ҳам яхши кайфият қанотида учиб бораётгандек эди. Ширин сўз, эзгу ният ва амал билан Аллоҳ розилигини тилаб яшайдиганлар бошқаларнинг дуосини олиш, хурсанд қилишдан ҳам аввал ўз қалбларига роҳат бағишлашини ҳис этдим. Манфаатли ишлар режасини тузишнинг ўзи ўй-хаёлларингни ёриштириб юборади, бу мақсадинг амалга ошгани сайин кучингга куч қўшилади, қалбингга хурсандлик, ҳаётдан миннатдорлик, сени шунга қодир этгани учун шукрона тўлиб боради.
 
Муҳтарама УЛУҒОВА