«Хотира муқаддасдир. Миллат ўзининг миллатини сақлашни истаса, хотира абадий бўлиши керак».

Ислом КАРИМОВ

 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу инсонга, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиромимиз рамзидир.

Биз яхши инсонларни қанча эсласак, ҳақига дуо қилсак, шунча кам.

Шогирдлари қалбида фахр ва ифтихор билан эсланиб, мангу яшаётган устозлардан бири Элмурод ҳожи Ачиловдир. Элмурод домла Қашқадарё вилояти Китоб тумани Янгиобод қишлоғида 1961 йил 31 май куни туғилдилар. 1992 йилгача Китоб тумани "Хожа Бухорий" жоме масжидида имомноиби, сўнгра "Хожа Бухорий" ўрта махсус Ислом билим юрти мудири лавозимида ишладилар. Жамоат ишларида фаол бўлиш билан бирга баракали ижод ҳам қилдилар.

Имом Абул Муъин Насафийнинг "Ат-Тамҳид ли қовоид ат-Тавҳид" асарини таржима қилдилар, матбуотда элликка яқин илмий оммабоп мақолалари чиқди.

Юртимиз равнақи, ёшларимизнинг таълим-тарбия олишлари ва соф Ислом ақидасини тушуниб етишлари йўлида кўрсатган хизматлари учун "Мустақил Ўзбекистонимизнинг 10 йиллиги муносабати билан Кўкрак нишони", Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан намунали хизматлари учун "Мақтов ёрлиғи", Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг бир неча бор ташаккурномаси ва бошқа мақтов ёрлиқлари билан мукофотланган эди.

Устоз Элмурод Ачиловдан бизга ибрат бўладиган кўп хислатлар қолди. У киши ишга бораётганда ҳам, қайтаётиб ҳам доим ота-оналари зиё­ратига шошарди. Оталари вафот этганидан кейин оналарига ёлғизлик билинмасин учун олдингидан ҳам кўпроқ хабар олганларини биламан...

Аллоҳ таоло барча мар­ҳумларимизни ўз раҳматига олсин, уларнинг қимматли ўгитларию, насиҳатларига амал қилишимизни бизга насиб этсин!

 

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ