Шу йил 3 май – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни “Туркистон” саройида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун VII халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Танловдан мақсад миллий ва халқаро журналистика ютуқларини кенг оммалаштириш, журналист ходимлар ижтимоий фаоллигини кучайтириш, уларда танқидий фикрлашни, ижодий жараёнга янгича ёндашувларни шакллантиришдан иборатдир. Бу йилги танловда беш юзга яқин журналист саккиз минг уч юздан ортиқ ижодий иши билан қатнашди.

Журналистика соҳасидаги бош миллий мукофот “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Баҳромжон Обиджоновга берилди. Энг яхши интернет мақола учун “Uzreport.cом” портали масъул муҳаррири Любов Эберзенок биринчи, “Анадолу” ахборот агентлиги мухбири Бахтиёр Абдукаримов иккинчи, Тошкент шаҳар “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом ноиби Шавкат Аҳмедов учинчи ўринни эгаллади.

Интернет журналистика йўналишида маънавият, маърифат ҳамда диний бағрикенглик мавзуларига бағишланган туркум мақолалари учун учинчи даражали диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, эсдалик совғаси ва пул мукофотини олган масжидимиз имом ноиби Шавкат Аҳмедовни қизғин табриклаймиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби