Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳамма даврда жаҳолатга қарши маърифат билан курашганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солиш, мусулмонларнинг бирдамлиги ва тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатганлар. Бунга илк хаворижлар билан Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ораларида бўлган баҳс-мунозара яққол далилдир.

Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Улар ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)­нинг Муовия (розияллоҳу анҳу) билан тузган битими – “таҳким”ни қабул қилишини куфр деб ҳисоблашган. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тарбия­ларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган зотни кофирга чиқаришди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган хаворижларнинг даъволарига жавоб бериш ва уларни тўғри йўлга солиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)ни элчи қилиб юбордилар. Абдуллоҳ ибн Аббос  боргач,  у билан хавориж етакчиси ўртасида бундай мунозара бўлиб ўтади:

– Ҳазрат Алини нимада айблайсизлар? 
– Уч нарсада.
– Қандай нарсаларда?
– Биринчиси, Аллоҳнинг амри бўл­ган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳо­лан­ки, Аллоҳ таоло:  “Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир” (Юсуф, 40), деган; иккинчиси, урушди, лекин асир ҳам, ўлжа ҳам олмади. Агар нариги тараф мўмин бўлса, улар билан урушиш ҳалол эмас эди. Агар улар кофир бўлса, улар билан урушиш ҳам, уларни асир олиш ҳам ҳалол бўлган бўларди; учинчиси, мўминлар амири бўлишдан ўзини озод қилди. Агар у мўминларнинг амири бўлмаса, кофирларнинг амири бўлади.
– Агар сизларга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далил келтирсам, қайтасизларми?
– Албатта, қайтамиз!
– Кишиларнинг ҳукм қилиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур...» (Моида, 95).
Бошқа бир оятда эр-хотин ҳақида: «Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр ­оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай...» (Нисо, 35).
Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Айтинглар-чи, мусулмонларнинг қони тўкилмаслиги учун ораларини ислоҳ қилувчи ҳакам бўлиш афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён (борасида) ё эр-хотинни яраштириб қўювчи ҳакам бўлиш афзалми?”
– Албатта, биринчиси афзал.
– Сизларни фикрингиздан қай­тар­дим­ми?
– Ҳа, албатта.
– Сизларнинг “Урушди, лекин асир ҳам, ўлжа ҳам олмади”, деган сўзингизга келайлик. Оналарингиз Ойшани асир олмоқчи эдингизми? Агар онамиз эмас десангиз, кофир бўласиз. Агар онамиз десангиз, қилаётган даъволарингизни ўзларингиз инкор қилган бўласиз. Сизлар иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансиз. Энди сизларни бу фикрдан қайтардимми? 
– Ҳа, албатта.
– “Мўминларнинг амири бўлишдан ўзини озод қилди”, деган сўзларингизга келади­ган бўлсак, сизлар рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари  (алайҳиссалом) Ҳудай­бия кунида Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амр билан сулҳ тузганларида: «Эй Али: “Бу Аллоҳнинг расули Муҳаммад сулҳ тузган нарсалардир”, деб ёз, деган эдилар, Суҳайл ибн Амр: “Сени Аллоҳнинг расули деб билмаймиз. Агар сени Аллоҳнинг расули деб билганимизда, сен билан урушмас эдик”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, Сенинг расулинг эканимни Ўзинг биласан”, дедилар ва: “Эй Али, (ёзганингни) ўчириб ташлагин ва: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амр сулҳ тузган нарсалардир”, деб ёзгин», дедилар... 
Абдуллоҳ ибн Аббос келтирган ушбу далиллардан сўнг икки мингдан зиёд хавориж хато йўлдан қайтди.
Ҳозирги кунда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “Очиқ хат” билан мурожаат қилишди. Уларда инсоф ва мардлик бўлганида, ҳақиқатни англаб, тўғри йўлга қайтишар эди...
 
“Ал-мадхалу ила диросати илмил калом” 
китобидан ТИИ ўқитувчиси 
Абдулқодир АБДУРАҲИМ
тайёрлади.