Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”(Моида, 2); “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Шуаро, 89). Дарҳақиқат, самимий, холис ёрдам, ҳиммат кўрсатиш туфайли инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ бўлишади. Яхшилик йўлидаги барча ишларимиз нафақат кишилар, балки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам савобли амаллардан бўлишини кўзлашимиз керак. Андижон вилояти Балиқчи туманида фаолият олиб бораётган шифокор Неъматжон Комиловнинг “Диогел люкс” хусусий даволаш маскани туман аҳолисига беминнат хизмат кўрсатмоқда. Бу маскан туман ногиронлар жамияти билан “Мурувват” лойиҳасини тузиб, ҳар ойда икки кишини бепул даволашни йўлга қўйди. Ҳозирги кунгача бу ерда 34 нафар ногирон соғлиғини мустаҳкамлаб олди. Эл-юрт манфаати йўлида ҳормай-толмай хизмат қилаётган, эзгулик улашаётган бундай юртдошларимизни Аллоҳ таоло улуғ ажр-мукофотлар билан сийласин.

Саидхон БОБОХОНОВ,

“Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом ўрта-махсус билим юрти 3-босқич талабаси