Энг яхши анъаналаримиздан бири аждодларни хотирлаш, уларнинг руҳини шод этишдир. Пайғамбаримиз “Ўтганларингизнинг яхши амалларини эслаб туринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси равнақига улкан ҳисса қўшган зотлар ҳақида кўп ёзганмиз. Зеро, уларнинг умр йўлларида биз учун ибрат кўп.

 

Исмоил Махдум Сотти ўғли

Исмоил Махдум Сотти ўғли 1893 Наманган шаҳрида Сотти Охунд хонадонида туғилди. Болаликдан араб тили ва хаттотликни ўрганишга қизиқди. Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Отасидан ва етук олим Собитхон тўрадан тафсир, ҳадис, фиқҳ илмини ўрганди. Эл ичида илми билан танилган Исмоил Махдум 1943 йили диний назоратнинг ташкилий комиссиясига аъзо этиб тайинланди.

1945 йилдан Бухородаги Мир Араб мадрасасида таълим-тарбия ишларини йўлга қўйиш, ўқув режаларини тузиш, устозлар танлаш ва ташкилий масалаларни ҳал этишдек муҳим масалаларга бош бўлди. Ўша даврда мадрасага муносиб устозларни жалб қилиш, дарсликлар етказиб бериш жуда қийин иш эди. Исмоил Махдум ташкилотчилиги боис бу ишларнинг уддасидан чиқди. Кейинчалик у зот Тошкентда очилган Ислом Олий маъҳадида узоқ муддат тафсир, ҳадис, фиқҳ ва наҳв фанларидан дарс берди.

1957 йили Исмоил Махдум ҳазратлари диний назорат раисининг биринчи муовини этиб тайинланди. У зот хаттотлик санъатини ҳам пухта эгаллаган эди. Диний назорат номидан араб тилидаги хат ва ҳужжатларни кўпинча у киши ёзарди. Ҳазрат Усмон Мусҳафи тарихига бағишланган нодир асари унинг илмий салоҳиятини ҳам яққол намоён этади.

Исмоил Махдум Сотти ўғли 1976 йили вафот этди.

 

Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий

Мухторжон Абдуллаев 1928 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Турмуш тақозоси билан Мухторжон домланинг оиласи болалигида Бухорога кўчади. У биринчилардан бўлиб “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирди. Мухторжон болаликдан ўта тиришқоқ эди. Дарсдан кейин устозлардан қўшимча сабоқ олар, тинмай изланар эди. Талабалик йиллари “Мухтасарул виқоя”, “Кофия” китобларини тўлиқ ёд олди. Унинг салоҳиятини сезган устозлар мадрасада мударрисликка тавсия этишди. Ҳозир кўп республикаларда у кишидан сабоқ олган талабалар дин хизматида, масъул вазифаларда ишлашяпти.

1991 йил юртимиз мустақилликка эришди. Динимиз, қадриятларимизга эътибор кучайди. Мухторжон домланинг ҳам ғайратига яна ғайрат қўшилди. 1993 йили мусулмонларнинг навбатдаги қурултойида у Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланди. Мухторжон домла 1997 йилгача шу вазифада ишлади. 2002 йили оламдан ўтди.

Аллоҳ таоло барча устозларимизни раҳматига олсин.

 

Абдуқаҳҳор ШОШИЙ