• Рукни: Ибрат

Пешин намозини ўқиб чиқарканман, масжид ҳовлисида очилиб турган оқ атиргулга назарим тушди. Тафаккур қила бошладим. Инсон дунёга келган чоғида Аллоҳ таоло уни онанинг оқ сути билан меҳмон қилади. Шунингдек, сўнгги сафарида ҳам оқ кафан билан дунёни тарк этади. Оқ ранг – поклик рамзи. Гўёки, оқ атиргул ҳам дунёда доимо пок бўлиб ҳаёт кечиришга ибратдек эди. Ажабо, гулларнинг ўрамлик турига мансуб бу атиргулнинг дастлабки гулбарглари тўкилса, ичидан аввалгисидан кўра янада оқроқ гулбарглар очилаверар экан. Худди зоҳиридан кўра ботинида оқлик, поклик кўпроқдай...
Бу гул бошқа гуллардан ўзгача хушбўйлиги билан ҳам ажралиб туради. Онамнинг ёшлигимда берган насиҳатлари хаёлимдан ўтди: “Ўғлим, оқ атиргул жуда хушбўй бўлади. Зеро, унинг устидан кўра ичи оппоқроқдир. Сен ҳам шу каби ботин ва зоҳирингни тоза тутгин”.
Яна хаёлга чўмиб, бу атиргулнинг бошқа фазилатини кашф этдим. Умрини эзгу ишларга бағишлаган фидойи кишиларни  оқ атиргулга ўхшатса бўларкан.
Қанийди, менинг ҳам шу оқ атиргул каби қатор фазилатларим бўлсайди, деган орзу билан боғни тарк этдим. Бир неча кундан кейин у атиргулни барглари тўкилган ҳолда кўрдим. Шунда Меҳрибон Эгамизнинг: “Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир” (Қасас, 88) оятини эсладим. Бу илоҳий ҳақиқат менга, ҳар бир нарса қанча гўзал, фидойи, хушбўй бўлмасин, барибир дунёни тарк этишини, яхшиликка хизмат қилиш ҳам ғанимат бир имконият эканини такрор эслатди.

Обидхон ИКРОМОВ,
Наманган, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси