• Рукни: Ибрат

Бу воқеа мустабид тузум пайтлари бўлиб ўтган эди. Ўтган асрнинг 80-йиллари – ҳали талабалик пайтимизда бир ўртоғимиз университетнинг охирги босқичида уйланди. Ёш келин-куёвлар Тошкент шаҳар Сирғали туманидаги ишчилар ётоқхонасида яшарди. Келин оғироёқ бўлиб, ҳали пишмаган ўта нордон олмага бошқоронғи эди. Йигит ҳар куни эрталаб бадантарбия учун югуриб “Спутник” даҳасидаги кўлгача борар, у ерда бироз чўмилиб яна ётоқхонага қайтарди. Йўл четидаги бир хил русумда қурилган ҳовлиларнинг кўча томонига турли мевали дарахтлар экилган эди. Ҳовлиларнинг бирида ёш келинчак бошқоронғи бўлган аччиқ олма шохлари мевасини кўтаролмай, ергача эгилиб қолганди. Меваларининг анчагинаси тўкилиб ҳам кетган эди.
Йигит ҳар куни пастгина панжарадан ошиб, шу олмалардан беш-олтитасини келинчакка олиб борарди. Бир куни эрталаб ўртоғи ҳам у билан бирга югуришга чиқди. Олмали ҳовли олдига келгач, куёвбола одатига кўра, сакраб панжарадан ўтиб, 5–6 та олмани ердан териб олди-да, ортга қараб югурди. Буни кўрган ўртоғи уни тўхтатиб, аёлига ҳомиладорлик пайтида ўғирланган насиба бериш нотўғрилигини, ҳаром ризқ билан унган бола ёмон фарзанд бўлишини айтди.
Куёвбола не қиларини билмай қолди. Олмани ташлаб юборай деса, хотини шу олмаларни кутиб ўтирибди, олай деса, ўртоғи ҳақ гапни айтиб турибди. Алқисса, икки ўртоқ келишиб, ҳовли эгасини чақириб, рухсат сўрашга қарор қилишди.
Икки спортчи йигитнинг олдига рус миллатига мансуб кекса киши чиқди. Йигитлар муддаоларини айтишди. Шунда қария:
– Нимасини сўрайсизлар шу олмаларнинг, шундоқ ҳам ҳосилини кўтаролмай, эгилиб ётибди, остига тушганлари эса шундоқ чириб кетади, олаверинглар, қанча керак бўлса, – деди.
– Йўқ, отахон, мусулмончиликда бировнинг молини сўрамай олиш мумкин эмас. Айниқса, ҳомиладор аёлга фақат ҳалол ризқ бериш керак. Акс ҳолда, у туғадиган бола яхши инсон бўлмайди. Ота-боболаримиз бу қоидага ҳеч қачон хилоф иш қилишмаган.
– Э, яшавор мусулмон йигит! Динингиз ҳалолликка шунчалик эътиборли бўлса, демак, у жуда мукаммал ва тўғри дин экан. Мен сизларнинг тўғриликларингизга тан бердим. Ана шу бола туғилгунича боғимдаги ҳамма олмаларни – шохидагисини ҳам, ердагисини ҳам сизларга совға қилдим. Ош бўлсин, ҳаммасини хоҳлаган пайтда териб олаверинглар.
Энди ҳар куни куёвбола бир челак-ярим челак аччиқ олма териб уйига олиб борарди. Хотинига энди тежаб ўтирмай, хоҳлаганича еяверишини айтган эди. Бунинг сабабини хотини сўраганда, у кулиб:
– Бир рус ота топиб олдим, у менга боғидаги ҳамма олмаларини совға қилди. Олмалар ўшанинг боғидан, – дея ҳазиллашиб қўярди.
Олтинни қаерга ташласанг ҳам, у занг­ламайди. Мис эса тезда занглаб, “миси” чиқиб қолади. Ислом дини таҳқирланиб, қадриятларимиз топталган ўша пайтларда ҳам имонли, ор-номусли йигитлар кўп бўлган. Улар оиласига ҳаром ризқ олиб келишни ўзларига эп кўришмаган. Ҳозирги доруломон кунларда эса бу масалада янада мукаммал ва мустаҳкам бўлишимиз талаб этилади.

Муҳаммад МАТАЕВ, журналист