• Рукни: Ибрат

1965 йил эди шекилли... Телевидение ходимлари турли корхоналардан жонли (тўғридан-тўғри) репортаж олиб боришни эндигина ўзлаштираётган эдилар. У вақтда бизда видео­техника, кўрсатувни аввал тасмага ёзиб, уни қайта монтаж қилиш ҳақида ҳатто тушунча ҳам йўқ эди. Ҳамма кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга узатиларди.

Навбатдаги репортажни Тошкент кабель заводидан олиб боришга келишилди. Муҳаррир, репортёр, режиссёрлар бир неча кун давомида корхонада тайёргарлик ишлари олиб бордилар. Белгиланган кун ва соатда телеэкранларда заводдан репортаж бошланди. Кўрсатув давомида репортёр Эркин Азимов (Аллоҳ раҳматига олсин) бир ишчи билан суҳбат қилаётиб, “Ойлик топшириқни бажара оласизларми?” мазмунида савол берди. Ишчи: “Худо хоҳласа, бажарамиз”, деб жавоб қилди.
Шу ондаёқ республикадаги энг юқори мафкуравий тизим ҳаракатга келди. Юқори ташкилотлардан кетма-кет қўнғироқлар бўлди. Теле-радио қўмитасининг барча раҳбарлари ярим кечагача юз берган “фавқулодда ҳодиса”ни муҳокама қилишди. Эртаси куни навбатдаги ижодий йиғилиш шу масалага бағишланди. Муҳаррирнинг совуққонлиги, репортёрнинг бепарволиги, режиссёрнинг репортажга яхши тайёргарлик кўрмагани сабаб қилиб кўрсатилган ҳодиса “катта сиёсий хато”, “мафкуравий кўрлик” деб баҳоланди. Бундай ҳол қайта юз бермаслиги учун зарурий чора кўрилди. Кўрсатувни тайёрлаб, эфирга узатишда қатнашган кишилар жазоланди. Ҳаммасига сабаб – репортаж вақтида ишчининг кўнгилдан чиқариб: “Худо хоҳласа” деб юборгани эди.
Шўролар тизими даврида кўп учраган бундай воқеалардан яна бири: Бир куни “шошилинч” партия мажлиси чақирилди. Унда яқинда уйланган ёш журналистнинг “жиноятга тенг” қилмиши жиддий муҳокама қилинди. Жиноят шу – куёв бола тўй арафасида яширинча никоҳдан ўтибди!
Райкомдан келганлар, ишхонамиз раҳбар­лари куёвни роса “дўппослашди”. Мажлис айбдорни партиядан ўчириш ва ишдан ҳайдаш ҳақи­да қарор қабул қилди.
Мажлис якунида куёв бола: “Мен партия аъзоси эмасман-ку, қандай қилиб партиядан ўчирасизлар?” деса бўладими! Ҳамма ҳангу манг бўлиб қолди. Куёвнинг яширин никоҳдан ўтганлиги ҳақида хабар райкомга келиши билан, муҳокама қилиш топширилган, аммо унинг партия аъзоси эмаслиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.
Мажлис ташкилотчилари шарманда бўлишди. Куёв ҳам ишда қолди.
Афсуски, бу каби “ўта фаол” мафкурачиларнинг ўзлари болалигида хатна қилинган, фарзандларига бешик тўйи қилган, уйланганда никоҳдан ўтишган. Аммо улар мажлисларда атеист бўлиб олишар, удум ва одатларимизни йўққа чиқаришарди.
Аллоҳга шукрлар бўлсин, виждон эркинлиги тўла жорий қилинган даврларга эришдик. Телевидение орқали мунтазам бериладиган “Ҳидоят сари”  туркум кўрсатувлари, Тошкент ислом университети ҳузуридаги “Зиё” студия­сининг турли мавзулардаги телефильмлари, Рамазон ва Қурбон ҳайит­ларидаги ибодатларнинг ойнаи жаҳонда ёритилиши, юртимизда эътиқод эркинлигининг очиқ-ойдин намойиши бўлиб қолган. Маънавий-маърифий кўрсатувларда диний (исломий) ақидалар тўла ўз аксини топмоқда. Шўролар даврининг корчалонлари қанчалик уринишмасин, асрлар давомида шаклланган эътиқодимизни йўққа чиқара олмади. Аксинча, ўзлари ўша даврнинг бебурд кишилари сифатида тарихимиздан ўчиб боряпти.
Иншоаллоҳ, энди юртимиз мустақил тараққиётнинг равон йўлидан истиқбол сари имон-эътиқод билан жадал олға бораверади.

Анвар ТОЖИЕВ, фахрий журналист