...Бизга қўшни маҳаллада умри косибчиликда ўтган бир отахон истиқомат қилади. Бир ўғил, уч қизи бор – барчалари уйли-жойли бўлишган. Уларнинг оиласи маҳалладаги намунали хонадонлардан ҳисобланади. Сабаби, Зиёвуддин ота ва унинг аёли фарзандларига гўзал тарбия бериб, уларни соғлом фикрли этиб камол топтирганлар. Дилбандлари оёққа туриб, эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етгунларига қадар ота-она тиним билмай ҳалол меҳнат қилишган. Косибчилик орқасидан рўзғорини бутлаб, ҳатто маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, дўст-биродарлари орасидаги муҳтожларга моддий-маънавий кўмак беришган.
...Ҳаж мавсуми яқин эди ўшанда, кўпчилик улуғ сафарга тайёргарлик кўраёт­ган паллада отахоннинг ўғли ҳузурим­га келди ва хайрли йўлда сарф этиш учун маблағи  борлигини айтди.
– Маҳалламизда серфарзанд бир оила бор, – деди у сўз бошлаб. – Камхарж бўлгани учун уларга ҳар замонда ёрдам бериб турардик. Яқинда билдим, катта ўғлининг ёши ўттизга яқинлашиб қолибди, аммо уни уйлантиришга имконлари бўлмаяпти. Шу боис, оиламиз аҳли билан келишиб, қўшнимиз ўғлининг никоҳ тўйига қарашиб юборадиган бўлдик. Ҳаж ибодатига деб йиғиб қўйган сармоямизни олиб чиқдик. Қўшнимизнинг ночор аҳволини билатуриб, ҳаж сафарига чиқишга истиҳола қиляпмиз...
...Маблағни ўзларига топширишимиз ҳам мумкин эди, лекин кўнгиллари ўксимасин, деган андишага бордик, эҳсонни сиз орқали, махфий амалга оширмоқчимиз... Агар мумкин бўлса, “Маҳалладаги энг намунали оила бўлганингиз учун мукофот”, дебми, хуллас, бир йўлини топиб, шу пулларни айнан ўғлининг тўйига сарфлаши учун топширсангиз, деган илтимос билан келдим...
Бир инсон кўнглини ранжитмоқ – Каъбани вайрон қилиш демакдир. Лекин бир ўксик дилни яйратмоқ, унга қувонч бахш этиш гўё вайрон бўлган Каъбани тиклаган, обод этган билан баробар деб айтилади ҳикматларда. Шу маънода, бу инсоннинг илтимосини ўзи айтганидай бажардик ва дуо­га қўл очдик: “Ё Аллоҳ, аввало, ушбу хайр-эҳсонни улуғ даргоҳингда мақбул айлагин, унга ҳаж ибодатининг савобини бергин, унинг каби нияти холис, одамлар кўнглини авайлаб-улуғлайдиган солиҳ фарзандларимиз сафини кенгайтиргин. Парвардигоро, шундай олижаноб бандаларингни икки дунё саодатига мушарраф айла!..”
Дарҳақиқат, инсон ҳаёти моддий ва маънавий борлиқдан иборат. Демак, киши маънавиятини юксалтириши ҳамда моддиятини тузатиш учун тинимсиз ҳаракат қилмоғи, ғайрат кўрсатмоғи талаб этилади. Ушбу ояти карима фикримиз тасдиғидир: «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур. Унинг қилган саъйи (ҳаракати) яқинда (қиёматда) кўринур. Сўнгра у тўла жазо (ёки мукофот) олур» (Нажм, 39–41).

Нуруллоҳ ЖАМОЛОВ,
Наманган шаҳридаги «Яҳёхон тўра» жоме масжиди имом-хатиби