• Рукни: Ибрат

1993 йили “Туркистон” газетасида чиққан мақоладан сатрлар:
Алишербек Ражаббек ўғли 1977 йили Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида туғилган;
6 ойлигида – “Аллоҳ” сўзини айта олган;
9 ойлигида – “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган;
1 ёшида – Қуръон сураларини ёдлай бошлаган;
2 ёшида – Қуръондан 4–5 сурани тажвид билан ўқиган;
6 ёшида – Қуръонни тўлиқ ёд олган ва хатм қилган;
13 ёшида – Тошкентда 48 қори иштирокида ўтказилган танловда ғолиб чиққан ва отаси билан бирга диний идора томонидан ҳаж сафарига юборилган.

Бу маълумотлар салкам чорак аср муқаддам республика матбуотида берилган ва анчагина шов-шувга сабаб бўлган эди.

Мен бу Аллоҳ таоло берган истеъдод эгасини узоқ вақт қидириб, ниҳоят топдим. Алишербек Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида истиқомат қилар экан. Бу йигит кўркам чеҳраси, хушмуомаласи, билими ва камтарлиги билан кишини ўзига мафтун этади. Суҳбатлашиб тўймайсиз. Шубҳасиз, суҳбатимиз мазмуни унинг ноёб салоҳияти ҳақида бўлди.

– Менинг Каломуллоҳни бу қадар барвақт ёд ола бошлашим дадам туфайли бўлган, – дейди Алишербек. Дадам – Ражаб Нурмуҳамедов ва онам Жамила Нурмуҳамедова ўқимишли, диний ва дунёвий билимлардан бохабар инсонлар. Улар Навоий, Бобур, Саъдий ва бошқа алломаларнинг ижодини яхши билишади.

Дадам 24–25 ёшларида Қуръонни мукаммал ёд олганлар. Умуман, бизнинг аждодларимиз ичида 6–7 ёшидаёқ қори бўлган кишилар кўп бўлган.

Онам менга ҳомиладор вақтларида отам: “Менга кўзни қувонтирадиган", "тақволи, аҳли Қуръон фарзанд ато этгин”, деб Аллоҳга ёлвориб илтижо қилганлар.

Туғилганимда буюк бобомиз ҳазрат Навоий руҳига чексиз ҳурмат кўрсатиб, менга Алишербек деб исм қўйганлар.

Бешикда ётган мурғак вақтимдаёқ менга илм бера бошлашган экан. Дадамнинг айтишларича, 6 ойлигимда дадам менга араб алифбоси ҳарфларини кўрсатиб, ўргата бошлаган, 9 ойлигимда араб имлосидаги ҳарфларни таниган, бир ёшлигимдан Қуръон сураларини ўргана бошлаган эканман. Дадам намозни овоз чиқариб ўқиганларида, мен ҳам нима десалар так­рорлаб турар эканман.

Тўрт ёшимдан Қуръонни ёдлашга тушдим. Дастлаб ўттизинчи пора сураларидан бошлаб, уни уч ойда ёдлаб олдим. Дадам ёдлашим осон бўлсин учун шундай услубни жорий этдилар.

Ҳар куни кечқурун Қуръондан бир бетни дадам менга тажвид билан ўқиб берардилар. Кейин мен шу бетни беш марта китобга қараб ўқирдим. Сўнг беш марта ёддан ўқирдим. Янглишган жойларимни дадам тузатиб турардилар. Кечаси тинч ухлаб, эрталаб уйғонганимда, кечаги ёдлаган оятлар хотирамга ўрнашиб қолган бўларди.

Кейинчалик бир варақ (икки бет)дан ёдлай бошладим. Шу тариқа, ҳар куни бир варақдан янги сабоқни ёдлашдан олдин, аввал ёдлаганларимни, албатта, такрорлардим. Ёдлаганларим тўлиқ бир порага етганда, устозим Исмоил ҳожи ота­нинг синовидан ўтар эдим. Беш порага етганида, уларнинг ярмини эрталаб, қолган иккинчи ярмини кундузи такрорлардим. Отам иш билан банд вақтларида такрорлаш жараёни онам назоратида бўларди. Ёдлаш ва такрорлаш ишлари ҳар куни 3–4 соат давом этарди.

 

Алишербекнинг эслашича, Бақара сурасини 8 кунда ёдлаган экан. Ҳозирги кунда у ҳар ҳафтада бир марта Қуръонни хатм қилади. Ҳисоблаб кўрсак, кейинги 30 йил ичида  Алишербек қори Қуръони каримни бир ярим минг мартадан кўпроқ марта хатм қилган! Бундай ҳолатда уламолар “Қуръон мулк бўлди”, яъни қорининг хотирасидан ўчмас бўлиб жой олди, деб айтишар экан. Каломуллоҳ қорининг бутун вужудига сингиб кетган дегани, шу бўлса керак!

Алишербек болалигида, ҳали мактаб ёшига етмай туриб, араб тили ва имлосини ўрганиш давомида, кирилл ҳарфларини ҳам таниган, ўзбекча ва русча матнларни ўқий олар эди.

Истибдод ҳукм сурган ўша вақтларда бу боланинг Қуръон ёдлаётганини яширишга қанчалик уринишмасин, барибир, гап тарқаб, ҳатто, Тошкентга ҳам етиб келган экан. Коммунистик мафкура корчалонлари бу ишга чек қўйиш мақсадида, туман газетасида Алишербек ҳақида танқидий материал босиб чиқаришди. Махсус та­йинланган одамлар ҳали мактаб ёшига етмаган болани “Нега мактабда ўқимайсан?”, деб саволга тутишган. Шунда, Алишербек уларнинг қўлидаги русча ва ўзбекча газеталарни олиб, матнларни ўқиб берганда, худосиз мафкурачилар ҳайратга тушиб, лол қолишган экан.

Алишербек Қуръони каримни ёдлаш ниятида бўлган ёшларга бундай маслаҳат беради: Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига тўла риоя этишга ҳаракат қилиш, ниятни холис қилиш, яъни Қуръонни ёд олишдан одамлар орасида иззат-эътиборга эга бўлишни эмас, балки Аллоҳнинг розилигини кўзлаш, ёдланган сураларни мунтазам такрорлаб туриш, луқманинг ҳалол бўлиши, шубҳа, ёлғон, гуноҳлардан тийилиш, айниқса, тил, кўз ва қулоқ зиносидан нари бўлиш, ота-оналар фарзандларини ўқишга, билим олишга қизиқтиришлари керак.

Алишербек Ражаббек ўғли Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом инс­титутини битирган. Тўрт йил давомида Бирлашган Араб Амирликларида билимини оширган.

Бу йигит ҳозир Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 4-курсида илм олишни давом эттирмоқда. Оилали, 4 фарзанди бор.

Ўзбекистон – буюк алломалар, олиму фузалолар ватани, Ислом дини тарақ­қиётига беқиёс хизмат қилган оқиллар юрти. Диний эркинлик тўлиқ қарор топган бугунги кунда Алишербек каби Аллоҳ ато этган юксак салоҳият эгаларининг янги авлоди ҳамма соҳаларда дунёни ҳайратга солишига ишонамиз.

Анвар ТОЖИЕВ,
журналистика фахрийи