Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод намози ўқиб бўлингач, саҳобаларни саволга тутдилар:

– Бугун қайси бирингиз рўза тутдингиз?

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу):

– Мен, ё Расулуллоҳ, – дедилар. – Кечаси ўзимга ўзим рўза ҳақида гапириб ётдим ва саҳарда рўзадор бўлдим.

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар:

– Бугун қайси бирингиз касал кўргани бордингиз?

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Ҳозиргина бомдодни ўқидик, ҳеч қаерга борганимиз йўқ. Касал кўргани энди борсак бўлади, – дедилар.

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу):

– Мен, ё Расулуллоҳ! Абдураҳмон ибн Авф­нинг бетоблиги ҳақида хабар беришган эди. Масжидга келаётиб, йўлимни унинг уйига бурдим. Ҳолидан хабар олиб, кейин масжидга келдим, – дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна савол қилдилар:

– Қайси бирингиз бугун садақа бердингиз?

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):

– Ё Расулуллоҳ, намоз ўқиб бўлганимиздан бери сиз билан биргамиз-ку? Ҳали ҳеч ким садақа қилолгани йўқ, – дедилар.

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтдилар:

– Мен, ё Расулуллоҳ. Масжидга кираверишда тиланчи турган экан. Ёнимда келаётган набирамнинг қўлида нон бор эди. Мен ундан синдириб, гадойга бердим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севиниб:

– Сизни жаннат билан хурсанд қиламан, сизни жаннат билан хурсанд қиламан, – дедилар.

 

"Саодат қучганлар ибрати" китобидан олинди.