Бир танишимни “Мен қариндош-уруғчилик шартларига, қоидалари, талабларига тескари иш тутдимми?” деган савол қийнарди...
 
Келинг, унинг айтганларини батафсил келтирай: бундан беш йиллар муқаддам узоқроқ бир қариндошимиз уйимизга йўқлаб келди-да, гаплашиб ўтириб хотинидан норози эканини айтди. Мен унинг аёлини сира кўрмагандим. Қариндошим қарийб йигирма йилдан буён бирга яшаб келаётган одамининг салбий жиҳатларини чунонам таърифладики, унга раҳмим келди, хаёлимдан ҳатто: “Шундай аёл билан яшаб келганига минг раҳмат!” деган фикр ўтди. Хуллас, унинг айтишича, сабр косаси тўлган... болалари анча катта бўлиб қолгани учун хотини билан ажрашмоқчи экан. Шундан кейин меҳмон: “Сенга бир илтимосим бор эди, яшаб турган ҳовлимизни номингга ўтказиб берсам. Акс ҳолда ажрашганимиздан кейин хотиним унга эга чиқиб олади-да, болаларга ҳам бермайди”, деб қолди. Бўлиб ўтган гапларнинг таъсирида ўтирганим учун илтимосга рози бўлдим. Бу масалада аёлининг ҳам розилиги кераклигини гапиргандим, қариндошим: “Бу ёғи билан ишинг бўлмасин”, деди. Тезда ҳовлини менинг номимга расмийлаштирдик. Бир ойча вақт ўтгач, мени туман судига гувоҳ сифатида  чақиришди. Қариндошимизнинг хотинини ўша ерда биринчи марта кўрдим. Суд мажлиси пайтида аёл менга иккита саволи борлигини айтиб: “Сизнинг ҳовли сотиб олишга имконингиз борми?” ҳамда “Ёлғон гапиришдан қўрқмайсизми?” деб сўради. Мен унга: “Ҳа, ҳовли сотиб олишга имкониятим бор”, дедим. Иккинчи саволига: “Ёлғондан  қўрқаман. Лекин мен сизни алдаётганим йўқ, ҳовлини ҳақиқатан ҳам сотиб олганман”, деб жавоб бердим. Аёл бошқа гапирмади, лекин унинг ўзини тутиши, оғир-босиқлиги, гап-сўзлари эри менга айтган таърифларга тўғри келмасди. Мен хато қилганимни, ўзим кўрмаган-билмаган бир ожиза тўғрисида фақат орқаваротдан эшитганимга асосланиб нотўғри хулоса чиқарганимни англадим. Андишали, ўз қадрини ерга урмайдиган аёл экани шундоқ кўриниб турарди. Кўнглимдан: “Балки, жанжаллашиб ўтиришни эп кўрмай, ҳовлининг сотилишига ўзи розилик бергандир”, деган гап ҳам ўтди. Унга зулм ўтказилишида ҳиссам борлигини англадим-у, аммо айбимни тан олишга ожизлик қилдим.
 
Шундан сўнг қалбимдан кечган изтироблар тинчлик бермай қўйди. Ҳаётимда ҳам кетма-кет кутилмаган воқеалар, синовлар, моддий йўқотишлар юз бера бошлади. Ёлғизгина қизимни турмушга узатдик, бир неча йилгача фарзанд кўришмагани учун оила­си бузилиб кетишига сал қолди. Назаримда, бу кўргуликларга ўзимнинг гуноҳим – ёлғон гувоҳлигим сабабчидай эди. Бунинг ёруғ дунёдаги оқибатларини кўриб тургандекман, у чин дунёда нима бўлади, деган қўрқув тинчлик бермасди. Ниҳоят, бир куни қариндошим ажрашиб кетган ўша аёлнинг олдига бордим ва унинг олдида айбимни тан олиб, ёлғон гапирганим учун кечиришини сўрадим. Дарвоқе, ўша пайтда аёл уйда ёлғиз ўзи бўлганлиги учун иккита қўшни хотинни ҳам чақирди, гапимга улар гувоҳ бўлишди. “Мен сизни ўша пайтдаёқ кечирганман, – деди аёл бу сафар ҳам вазминлик билан. – Қариндошчилик, ҳолатингизни тушунганман”.
 
Аллоҳга шукроналар бўлсин, шундан сўнг бир қадар тинчлангандек бўлдим. Оиламда, касбимда ҳам ишлар секин-аста изига туша бошлади. Қизим кейинги йили ўғил фарзанд кўрди. Қалбимга ёруғлик, кунларимга ҳаловат кирди. Аслида, мен айбимга иқрор бўлишимдан олдин ҳам одамлар орасида қариндошим билан менинг қинғир ишимиз ҳақида гап юрарди. Бу ҳақда қадрдон дўстимдан танбеҳлар ҳам эшитганман. Лекин... шу кунгача қариндошимиз мендан норози: “Сен менга хиёнат қилдинг. Энди менгаям, сенгаям бегона бўлиб қолган аёлга ўтган ишлар ҳақида гапиришинг нотўғри”, деб тинмай жаҳл қилади... Йиғинларда мендан норозилигини яширмайди. Қариндош-уруғлар орасида мени тушунганлар ҳам, тушунмайдиганлар ҳам топилади...
 
Кўриб турибман, дардини тўкиб солганидан суҳбатдошим заррача енгил тортгани йўқ.
 
– Худо хоҳласа, ҳаммаси ўтиб кетади... – деди у ниҳоят. Бир муддат жим қолди, кейин саволи жавобини ўзи айтди. – Қариндошим ахир бир куни мени тушунади, деб умид қиламан. Банданинг олдида, Аллоҳнинг даргоҳида ўзимнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам юзимиз ёруғ бўлишини истайман.
 
Муҳтарама МУҲАММАДХОН қизи