Ёш Муҳаммад ва икки дўсти илм олиш учун сафар ҳаракатига тушдилар. Кекса онаси буни эшитиб: “Ўғлим, мени кимга ташлаб кетасан?Сендан айрилсам, ўламан”, деб зорланиб йиғлади.

Муҳаммад ҳамроҳларига:“Онамни норози қилиб, илм олишга кетолмайман, узр”, деб сафардан воз кечди. Дўстлари мақсадлари сари кетишди. Ҳаким Термизий дили ғашланганича йиғлаб қолди:“Дўстларим илм ўргангани кетишди. Оз вақтда улар илмли бўлиб келадилар. Мен эса, илмсиз бўлиб қоламан”.

Шундай ўйлар билан кетаётганида нуроний кексага йўлиқди. У:

– Эй фарзанд, нега йиғлаяпсан? – деб сўради. Муҳаммад воқеани баён қилди:

– Икки дўстим билан илм ўргангани бормоқчи эдим, онам рози бўлмади. Дўстларим кетишди. Мен онам розилигини хоҳлаб, боролмадим. Илмсиз қолдим. Шунинг учун йиғлаяпман.

– Хоҳлайсанми, мен сенга илм ўргатаман. Мен берган илм дўстларинг оладиган илмдан ҳам кўпроқ бўлади.

– Кошки эди бу давлат (илм бойлиги) менда кўпроқ ҳосил бўлса! Мен розиман, – деди Муҳаммад.

Икковлон махсус жойни тайин қилишди. Ёш Муҳаммад ҳар куни у ерга борарди ва у нуроний ҳазратдан дарс оларди. Кейин билса, устози ҳазрати Хизр экан. У она ризолигини устун қўйиб, олис юртга кетмагани учун ладуний илмга муяссар бўлди.Онанинг ризолиги туфайли бутун олам: Муҳаммад Ҳаким Термизий,деб эъзозлайдиган аллома даражасига кўтарилди.

 

“Тазкиратулавлиё”китоби асосида

Олимжон РАҲИМОВ тайёрлади.