Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) ёш ўғиллари кўчада болалар билан ўйнар эди. Боланинг кўйлагига бир неча ямоқ солинган бўлиб, тенг­қурлари унинг устидан кулишди. "Отанг амирул мўминин бўлса-ю, сен шундай йиртиқ-ямоқ кийимда юрсанг", деб камситишди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғиллари бундан жуда хафа бўлди. Отасининг ҳузурига бориб:

– Болалар кийимимдаги ямоқларни кўриб, устимдан кулишяпти, – деб бўлган воқеани сўзлаб берди.

Шунда Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлига:

– Хазиначига бориб, хазинадан бир кийимлик мато берар экансиз, отам маошларидан олиб ўрнига қўяр эканлар, дегин, – деб тайинладилар.

Ўғил хазиначининг олдига бориб амирул мўмининнинг сўзларини айтди. Хазиначи унга:

– Агар отангиз маош олгунларича яшаб туришларига кафолат берсалар, сиз айтган матони бераман, – деди.

Ўғил хазиначининг ҳеч нарса бермаcлигини тушунди. Оталари Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига бориб, хазиначи нима деб жавоб берганини айтди. Шунда Умари Одил:

– Агар хазиначи сен айтган матони бериб юборганида эди, мен уни шу ондаёқ ишдан бўшатган бўлар эдим, – дедилар, сўнгра ўғилларига таскин бердилар.