• Рукни: Ибрат

Аллоҳга шукр, юртимизда тўйлар кўп. Кимдир ўғил уйлантиради, кимдир қиз узатади, кимдир фарзандининг қўлини ҳалоллайди. Халқимиз саховатли, топган-тутганини эл олдига тўксам дейди. Шундан завқланади. Тўй қилиб, халққа ош беришни орзу қилмаган ўзбек йўқ. Тўйларимиз кимлигимизни кўрсатувчи ўзига хос бир кўрик. Аммо тўй-тантаналар кейинги пайтларда кимўзар мусобақасига айланиб бораётгани ачинарли ҳол. “Мен сендан камми?” қабилидаги ишлар содир этилиши барчамизни ўйлантириб қўймоқда. Аслида, неча йиллаб меҳнат-машаққат билан топган маб­лағимизни бир-икки кунлик тўй-ҳашам ва шу каби издиҳомларга сарфлаб, елга совуриш чин мўминнинг иши эмас.

Ҳазрати Алининг (розий­ал­лоҳу анҳу) уйланиш тўйи ҳақидаги тарихий маълумот бизнинг кунлар учун ҳам жуда ибратлидир.

Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севикли қизлари Фотимани Али (Аллоҳ иккалаларидан ҳам рози бўлсин) билан унаштирганларида ҳазрат Алининг бисотида бир от билан бир совутдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Маҳр учун уларни сотишга қарор қилди. Аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отни эмас, совутни сотишга розилик бердилар. Уни Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) тўрт юз саксон дирҳамга сотиб олди. Ҳазрат Али пулни олиб хурсанд бўлиб кетаётган эди, Усмон (розийаллоҳу анҳу) тўхтатиб:

– Йигит кишисан, сенга совут ҳам, от ҳам керак. Совут мендан совға бўлсин, қайтиб ол, – деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу хабарни эшитиб, ғоят мамнун бўлдилар ва Усмон (розийаллоҳу анҳу) ҳаққига дуо қилдилар. Тўй куни яқин. Меҳмонларга овқат ҳам тайёрлаш керак-ку! Аммо бир неча дирҳамдан бошқа пули йўқ. Бу гал Али (розийаллоҳу анҳу) совутни гаровга қўйиб, бир яҳудийдан арпа олди. Ансорлардан бир киши қўй келтирган экан, уни сўйиб овқат тайёрлашди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса, хурмо билан зайтун ёғи юбордилар. Яхшигина дастурхон тузалди.

Фотиманинг (розийал­лоҳу анҳо) сеплари ҳам кўп эмасди: иккита кўйлак, битта келича, қўй терисидан бир пўстак, битта ёстиқ, мешкоб, чўмич, элак, ётишга ва кундузи ўтиришга тахта супа...

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотимани барча аёлларга ўрнак бўладиган даражада гўзал хулқли қилиб тарбиялаган эдилар.

Аёллар ҳазрат Фотимани Алининг (розийаллоҳу анҳу) уйига келинтушди қилиб олиб боришди. Ҳалиги сеп­лар билан уйини тузашди. Орадан бир неча кун ўтиб, Ҳориса ибн Нўъмон келин-куёвга бир уй ҳадя этди.

Бу воқеаларни китоблардан ўқирканмиз, “шароит қийин бўлган экан-да” деган ўй хаёлдан ўтиши мумкин. Асло бундай эмас. Чунки вақти келиб, молу мулк, давлатга эга бўлишганида ҳам саҳобалар ортиқча зеб-зийнат, ҳашамга берилишмагани, исрофдан сақланишгани ҳақидаги ривоятлар манбаларда истаганча топилади.

Аслида, дастурхон ёзилган барча йиғин тинчлик, хотиржамлик шарофатидан. Турмушимиз фаровон бўлгани сари тўй-тантана ҳам кўпайиб боряпти. Лекин бу дегани асло, хоҳлаганингни қилавер, дегани эмас. Тўйга совурилаётган ортиқча чи­қим янги ёш оиланинг бош­қа эҳтиёжларига ишлатилса, фаразандлар камоли йўлида сарф этилса, қандай яхши. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир ишда ўртача бўлишни васият қилганлар.

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ,

профессор