• Рукни: Ибрат

Фарзандингга ҳалолдан едир, ичир, дунё ва охиратда бахтсиз бўлишига сабабчи бўлиб қолма.

Боланинг ҳиссиётлари мурғакликдан қандай шаклланса, бир умр шундай ҳиссиётда қолади. Демак, унда ҳиссиётларнинг тўғри шаклланишига имкон ярат.

Яхши ишларини яхши сўз ё ҳадялар билан мукофотлашни унутма, чунки у ҳали яхшиликни яхшилик бўлгани учун қилиш даражасига кўтарилмаган. Ўша даражага чиққунича яхшилик қилишга лаёқатли, яхшиликни ёмонликдан ажратадиган бўлсин.

Уни яхши кўришингни сездириб тур, инсоний ҳиссиётлари шакллансин.

Ҳар-ҳар замонда ўз ҳолига қўй, ўзини исканжада яшагандек ҳис қилмасин, мустақил хулосалар чиқаришга ўргансин.

Олдида бировларни ёмонлама, ғийбат қилма, ўзини бошқалардан устун қўйиш кайфияти шаклланмасин.

Кимлар билан дўстлашаётганини ҳар доим кузат, бола ота-онасидан кўра дўстидан кўпроқ таъсирланади.

Қилган хато ишларини ўша пайтнинг ўзида эмас, кейинроқ, хотиржам бўлган пайтда эслат, танбеҳ бер, танбеҳинг таъсирлироқ, у ҳам қилаётган ишига мулоҳазалироқ бўлсин.

 

Яҳёбек РАЗЗОҚОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси