Ўзига раво кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш – мўминлик аломати.

Мавзу қайнона-келин муносабатлари ҳақида бўлгани учун сўзимизни юқоридаги жумла билан бошладик.

Турли келишмовчиликлар бўлган уйда ҳузур йўқолиши маълум. Айниқса, қайнона-келин ўртасида бўлса...

Хонадоннинг ҳурматли кишиси бўлгани учун масъулият кўпроқ қайноналарга тушади. Шундай бўлгач, улар келинлари билан бирга, ўз қизларини ҳам яхши одат ва гўзал одобларга ўргатиб боришлари зарур. Имкон борича, қиз ва келин ўртасида тенгликни сақлашлари керак. Чунки кўз қорачиғидек авайлаб ўстираётган қизлари ҳам бир кун бошқа хонадонга келин бўлишади. Уларнинг тинч, бахтли ҳаётини кўрган она шодланади, аксинча бўлса, қаттиқ қайғуради, қалби оғрийди.

Хонадонингизга келган келин ҳам ота-онасининг кўз қораси, умрининг сармояси. Улар ҳам сиз каби қизларининг яхши яшашини исташади. Келинларингизни авайлангки, қизларингиз тушган жойларида эъзоз топишсин.

Шундай қайноналар бор, келинларининг қилган ишлари, айтган сўзларидан айб топиб туради, фурсат келганда ўғлига ёмонлаб, хунук кўрсатишга тиришади. Натижада бир хонадоннинг бахти дарз кетади, қудалар орасига совуқлик тушади.

Лекин "Қарс икки қўлдан" деган гап ҳам бор. Қайноналарга шафқату марҳаматлилик зарур бўлгани каби, келинларга ҳам итоат этмоқ, малолланмай хизмат қилмоқ вазифадир. Келинлар чиройли яшашни истаганидек, қайноналар ҳам не-не умидлар билан вояга етказган ўғлонларининг роҳатини кўришни орзу қилишади. Зеро, қайнонасидан дуо олган келин, бир кун келиб, ўзи ҳам келинидан эҳтиром кўради.

 

Мукаррамхон ФОЗИЛОВА