Қадим замонда барча моддий имкониятларга эга бўлишига қарамай, доим ҳаётдан нолиб юрадиган, тажанг шаҳзода бор эди. Оға-инилари, ўртоқлари дарсларга қатнар, овга боришар, уни ҳам ёнларига чақиришса, рад қиларди. Хонасига қамалиб олиб, ўйга ботиб ўтирарди. Ўғлининг аҳволидан хавотирга тушган подшоҳ юртининг энг донишманд кишисини ҳузурига чақирди. Шаҳзоданинг ҳолатини тушунтириб, бунга ечим топишини буюрди. Бир ҳафтада чора топмаса, ҳаёти билан жавоб беришини алоҳида таъкидлади.

Кекса донишманд икки кун ўйлади, аммо ақлига жўяли ҳеч нима келмади. Шундан ке­йин жонини қутқариш пайида юртини тарк этишга қарор қилди. Маҳзун, қайғули ҳолда йўлда бораркан, бир қишлоқ яқинида, тоғ этагида қўй, эчкиларни боқиб юрган чўпонни учратди. Гаплари қовушиб, чўпон йигит билан анча суҳбатлашиб ўтиришди. Бу яқинлик сабаб, йигит донишманддан илтимос қилишга ботинди: "Отахон, бир пас подага кўз-қулоқ бўлиб турсангиз, мен қишлоққа бориб, егулик олиб келаман. Биргаликда овқатланамиз". Малолланмай рози бўлган донишманд, подани айланиб юраркан, бир улоқча чуқурликка тушиб кетди. Олиб чиқилмаса, миттивой ўзи у ердан чиқолмасди. Донишманд омонатга риоясизлик бўлмасин дея, пастга тушди. Кейин улоқчани орқасига боғлаб, тирмаша-тирмаша тепага кўтарила бошлади. Аммо ҳаракатлари зое кетди, оёғи сирпаниб пастга тушиб кетаверди. Донишманд умидсизликка тушмай, интилаверди. Ниҳоят ниятига етди. Чўпон йигитга берган сўзига риоя қилиш, бунинг учун улоқчани чуқурдан олиб чиқиши кераклиги ҳақидаги ўй ақлини шундай банд қилдики, бошқа ҳамма нарсани унутиб юборди. Фақат тепага чиққач, бошига не савдолар келгани, юртидан кетаётгани ёдига тушди. Шу аснода фикрлай бошлади: "Одам бир ишга жиддият билан киришса ва ниятига етиш, муваффақиятга эришиш орзуси бутун борлиғини эгалласа, бошқа қайғу-ташвиш, айниқса, ўринсиз ғамлар чекишга вақти қолмайди. Бу ҳақиқат ҳамма учун тегишли, жумладан, подшоҳнинг ўғлига ҳам". Донишманд чўпон йигитга қўй-эчкиларини саломат топширгач, ортига қайтди, подшоҳнинг ҳузурига борди ва фикрини айтди:

– Ҳукмдорим, агар ўғли­нгизни беҳуда ғам чекишдан қутулиб, ҳаётга қайтишини истасангиз, унга бир масъулиятли вазифа топширинг. Доимий тушкунлик, ҳаётдан давомли шикоят қилишнинг асосий сабаби бекорчиликдир. Ўғлингизга топширадиган вазифангиз жиддий бўлсин, натижага осонгина эришмасин. Шундагина бекорчи хаёллардан қутулади, яшаш завқини англайди.

 

ЗУМРАД тайёрлади.