Қадимда бир бой кишининг уч ўғли бўлиб, уларга жуда меҳрибон экан. Вақт ўтиб фарзанд­лар улғайиб, вояга етишади.

Ота эса кексайиб қолади.

Шу сабабли барча бойлигини фарзандларига тақсимлаб беришни мақсад қилади. Доно ота бойлигини фарзандларига тенг тақсимлайди.

Лекин бир қимматбаҳо гавҳарни ўзи билан олиб қолади ва ўғилларига бундай дейди:

"Бу жуда ноёб ва қимматбаҳо тош. Агар ким ҳамманинг ҳам қудрати етавермайдиган ишни қилса, шу гав­ҳар билан уни мукофотлайман".

Орадан бир неча кунлар ўтгач, отанинг ҳузурига катта ўғли келиб, ўзининг гав­ҳарга ҳақли эканини айтади. Отаси ундан нима қилганини сўрайди. У бундай жавоб беради: "Бир киши менга кўп молини омонат қолдириб кетди, лекин мендан молини олганимни тасдиқловчи васиқа қоғозини олмади. Молини олганимга эса одамлардан ҳеч ким гувоҳ бўлмади. Шу сабабли мен унинг молини қайтармасдан олиб қўйсам бўлар эди. Лекин амалимнинг савобини ўйлаб молларини эгасига қайтариб бердим". Отаси деди: "Эй ўғлим, бу ­ишингизда омонат бордир. Лекин мен сизга гавҳарни беролмайман. Чунки омонатдор ҳамда вафоли бўлиш ҳар бир кишининг зиммасидаги вожиб амалдир".

Кейин ўртанча ўғли келиб деди: "Отажон мен гавҳарга муносиброқман деб ўйлайман". Отаси: "Эй ўғилгинам гавҳарга муносиб бўлиш учун қандай олийжаноб иш қилдингиз?!" Ўғил: " Мен қирғоқ бўйлаб сайр қилиб юрганимда, тасодифан дарёда чўкаётган бир болани кўрдим. Уни қутқардим ва онасига олиб бордим. Болакай онасининг ёлғиз фарзанди экан".

"Сиз яхши ишни қилибсиз. Лекин сизга гавҳарни беролмайман. Чунки буни бошқалар ҳам бажариши мумкин. Инсонлар бир-бирига доимо ёрдамчи бўлишлари лозим". Шу пайт кенжа ўғил ҳам кириб келди. "Падари бузрукворим, мен бир иш қилдимки, шояд у иш билан қимматбаҳо гавҳарингиз ила мени мукофотласангиз". Отаси қизиқиб сўради: "Ажабо, қандай шарафли иш қилдингиз?!" Ўғил жавоб берди: "Қоронғу кечаларнинг бирида менга ашаддий душман бўлган кишини қирғоқ бўйида ухлаб ётганини кўриб қолдим. У одам менга кўп озор берар эди. Уни ташлаб кетиш ихтиёримдаги нарса эди. У сувга ғарқ бўларди, мен эса унинг азиятларидан фориғ бўлар эдим. Лекин мен уни хавфсиз жойга кўчирдим, сўнг йўлимда давом этдим". Ўғлининг жавобини эшитган ота уни бағрига босиб бундай деди: "Бу ишингиз нақадар оқил ҳамда фаросат соҳиби эканингиз хабарин берур ва сизни ушбу қимматбаҳо гав­ҳарга ҳақдор қилгай".

 

Маҳлиё СУЛАЙМОНОВА