НУБУВВАТ ДАРАХТИНИНГ МЕВАСИ

Пайғамбаримиз ҳазрат Алидан сўрадилар:

– Эй Али, мени яхши кўрасанми?

– Ҳа, яхши кўраман, Расулуллоҳ!

– Аллоҳни-чи?

– Албатта!

– Аёлингни-чи?

– Яхши кўраман!

– Болаларингни-чи?

– Уларниям!

Пайғамбаримиз табассум билан ҳазрат Алига қараб, бундай дедилар:

– Эй Али, биргина қалбинг бўлса, шунча севгини битта қалбга қандай қилиб сиғдира оласан?

Ҳазрат Али Расулуллоҳнинг саволлари қаршисида жим қолдилар...

Унинг ўйчан ҳолда кириб келганини кўрган ҳазрат Фотима сўрадилар:

– Нимадан хафасиз? Агар дунё учун бўлса, сиқилишингизга арзимайди. Борди-ю Аллоҳ учун бўлса, айтинг, биргаликда ҳал қиламиз. Сизга ёрдам бераман.

Ҳазрат Али бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар.

Ҳазрат Фотима тинглаб туриб, табассум қилдилар ва:

– Киши пайғамбарини қалби билан, Аллоҳни ақли билан, жуфти ҳалолини нафси билан, болаларини эса шафқати билан яхши кўради, – дедилар.

Дарҳол ҳазрат Али Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, аёллари Фотимадан эшитган жавобни етказдилар. Аллоҳнинг элчиси Фотиманинг зукколикларидан мамнун бўлдилар ва:

– Эй Али, бу нубувват дарахтининг мевасидир, – дедилар.

 

КАЛИТ ЭГАСИ

Маккаи мукаррама фатҳ қилингач, Пайғамбаримиз Каъбага киришни хоҳладилар. Ҳалигача калит исломни қабул қилмаган Усмон ибн Талҳада эди. Расулуллоҳ ҳазрат Алини калитни олиб келиш учун юбордилар.

Усмон ибн Талҳа:

– Мен Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканига ишонмайман. Қандай қилиб Каъбанинг калитини унга топширишим мумкин? Бу калит менга боболаримдан қолган, – деди.

Ҳазрат Али Расулуллоҳнинг буйруқларини бажариш учун Абу Талҳанинг қўлини қайириб, калитни зўрлик билан олди ва Набийга келтириб берди.

Пайғамбаримиз ҳамда саҳобалар Каъба ичкарисига кириб, бутлардан тозаладилар. Сўнг икки ракат шукр намози ўқидилар. Бу пайтда ҳазрат Аббос Каъбатуллоҳ калитини унга беришларини Пайғамбаримиздан сўраган эди.

Шу вақтда “Омонатни ўз эгаларига топширинг...” (Нисо, 58) ояти каримаси тушди. Расули Акрам дарҳол калитни яна ҳазрат Али орқали эски эгаси Усмон ибн Талҳага қайтариб юбордилар. Ҳайрон қолган Талҳа:

– Эй Али, салгина олдин калитни қўлимдан зўрлик билан олган эдинг. Энди эса қайтариб келибсан. Нега? – дея сўради.

Ҳазрат Али :

– Бу хусусда оят тушди, – деди-да, омонат ҳақидаги оятни тўлиқ ўқиб берди.

То шу кунга қадар имон неъмати насиб бўлмаган Усмон ибн Талҳани титроқ босди ва:

– Динингиз омонатга шунчалик аҳамият бергани мени ҳайратга солди, – дея Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб боришини сўради.

Ҳазрат Али билан Ҳузури Саодатга келдилар. У ерда Усмон ибн Талҳа шаҳодат келтириб, мусулмонлик шарафига муяссар бўлди.

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ тайёрлади.