Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим", дея марҳамат қилган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юксак ахлоқлари билан инсониятга ўрнак бўлдилар.

Пайғамбарлардаги (алайҳимуссалом) энг муҳим фазилатлардан бири бандалардан етган азиятларни Аллоҳ учун афв этиб, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтарганларидир. Зеро, бу ахлоқ айни пайтда хайрли якундан хушхабар беради: "Парвардигорларининг "юзини" истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир" (Раъд, 22).

Аллоҳнинг марҳамати ва афвига ноил бўлишни истаган киши одамларнинг ёмонлигига ҳам яхшилик билан жавоб қилишни ўз шиорига айлантиради.

 

БУГУН СИЗГА АЙБЛОВ ЙЎҚ!

Ёмонлик қилганларни афв ва яхшилик билан ислоҳ этишга доир Қуръони каримда келтирилган қиссалардан бири Юсуфнинг (алайҳиссалом) оға-иниларига муносабатларидир.

Ёқуб (алайҳиссалом) ўн икки ўғил орасидан Юсуфга (алайҳиссалом) кўпроқ муҳаббат қўйдилар. Бу ҳол ака-укаларда Юсуфга (алайҳиссалом) нисбатан ҳасад уйғонишига сабаб бўлди. Улар Юсуфни (алайҳиссалом) ўлдиришга қарор қилдилар ва уни қудуққа ташладилар. Юсуфни (алайҳиссалом) ўша ердан ўтаётган бир карвондагилар қутқаришди. Бошидан бир қанча синовларни ўтказиб, Миср мамлакати хазинасига хазинабон бўлди. Қурғоқчилик йилларида озиқ-овқат тарқатди. Ака-укалари ҳам ёрдам сўраб келишди, уларга ўзининг Юсуф эканини билдирмади. Улардан қасос олиши мумкин эди. Аммо ака-укаларига ҳеч қандай озор бермади. Аксинча, уларга кўплаб инъомлар қилди. Юсуф (алайҳиссалом) ўзини танитгач, "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилибди..." (Раъд, 91), дея бу юксак фазилат қошида хижолатлик билан бош эгишди. Юсуф (алайҳиссалом) фазилати юксак эканини яна бир бор исботлайдиган қуйидаги жавобни берди: "Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир" (Юсуф, 92). Кейинроқ оға-иниларидаги хижолатчиликни кўтариш учун ўша пайт­ларда ораларига шайтон кириб иғво қилганини айтиб, даражаси нақадар улуғлигини рўйирост намоён қилди.

Асл фазилат кишининг ўч олишга имкони бўла туриб, охиратдаги ажр умиди билан ёмонлик қилганларни кечира олишидир. Зеро, кўрган зулми учун қасос олиш ниятидан қайтиб, ғазабни, нафсоний орзуларни жиловлаш жуда қийин иш. Бундай фазилатга эга мўминларни Аллоҳ таоло мадҳ этади: "Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар" (Оли Имрон, 133–134).

Шуни ҳам айтиш зарур, ёмонликка қарши Ислом ахлоқи ила муомалада уч жиҳат бор: олдин ғазабни енгиш, кейин кечириш, сўнгра яхшилик ва икром кўрсатишдир.

 

МЕН ЛАЪНАТЛОВЧИ ҚИЛИБ ЮБОРИЛМАДИМ!

Бир куни Расулуллоҳдан (соллалоллоҳу алайҳи ва саллам) азияти ҳаддан ошаётган мушрикларни дуойибад қилишларини сўрашганида, "Мен лаънатловчи эмас, оламларга раҳмат қилиб юборилдим", деб марҳамат қилдилар (Муслим ривояти). Зеро, у зотнинг борлиқлари тенгсиз шафқат ва марҳамат хазинаси, энг улуғ ғоялари эса бутун инсониятнинг нажоти эди.

Пайғамбаримиздаги (алайҳиссалом) бу юксак фазилат, айниқса, Макка фатҳи куни намоён бўлди. Йиллар мобайнида мусулмонларга зулм қилган, турли қийноқларга солган Макка мушриклари ўша куни мағлуб бўлдилар. Шу онда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак оғизларидан чиқадиган биргина буйруқ ҳаммасининг муносиб жазо олишига кифоя эди. Лекин Сарвари олам барча маккаликларга умимий афв эълон қилдилар.

Бу юксак фазилат ва мар­ҳамат туфайли маккаликлар қалбидаги душманлик ва адоват ўрнини муҳаббат, дўстлик ва самимият туйғулари эгаллади. Минглаб диллар ҳидоят нуридан ёришди. Ояти каримада марҳамат қилинганидек: "Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур" (Фуссилат, 34).

Қуръони каримда яна бундай хушхабар берилади: "(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир..." (Шўро, 40).

 

АЛЛОҲНИНГ МАҒФИРАТИНИ ИСТАМАЙСИЗМИ?

Ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Мистаҳ исмли бир фақирга доим моддий ёрдам берарди. Лекин унинг Ифк ҳодисасида Ойша онамизга (розияллоҳу анҳо) бўҳтон қилганлар орасида бўлганини билгач, ҳеч нима бермасликка аҳд қилди. Шунда қуйидаги ояти карима нозил бўлди: "Аллоҳ Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳм­лидир" (Нур, 22). Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) мазкур оятни Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитиб, Мистаҳга ёрдам беришда давом этди.

 

ДУШМАНИ УЧУН ЙИҒЛАГАН КЎЗЛАР...

Фузайл ибн Иёз ҳазратларининг йиғлаётганини кўриб, сабабини сўрашди. Бундай жавоб берди:

– Менга зулм қилган бир бечоранинг ҳолига ачиниб, қиёматда шарманда бўлишини ўйлаб йиғлаяпман...

Яна бир кун "Фалончи сиз ҳақингизда бундай-бундай деди", дейишганида кафтларини дуога очди: "Ё Аллоҳ, агар у одам тўғри гапирган бўлса, мени кечир, агар ёлғон гапираётган бўлса, уни афв эт!"

...Мансур Халложга тош отишаркан, у зот Яратганга бундай ёлворди: "Ё Раб! Мендан олдин менга тош отаётганларни афв эт!"

...Рабиъ ибн Ҳайсам намоз ўқиётганида, кўзининг олдида йигирма минг дирҳамлик отини ўғирлашди. У зот эса намозини ҳузур ила давом эттирди. Бу воқеани эшитиб, дўстлари келишди ва тасалли беришди. Рабиъ ибн Ҳайсам айтди: "Ўғри отимни ечаётганини кўрдим. Лекин муҳим ва севган ишим билан банд эдим. Унинг ортидан қувламадим". Дўстлари ўғрини қарғай бошлашди. Рабиъ ибн Ҳайсам уларни тўхтатди ва деди:

– Тинчланинг, менга ҳеч ким зулм қилгани йўқ. У одам ўзига зулм қилди. Бу етмагандай, биз ҳам унга зулм қилмайлик.

 

ҲАР КИМ ЎЗ МОЛИНИ СОТАДИ

Исо (алайҳиссалом) тўғри йўлга чақирганларида, баъзилар қаттиқ гаплар айта бошлашди. У зот эса босиқлик билан яхши муомала қилдилар. "Сизга ёмон гапиришяпти, нега сиз уларга яхши муносабатда бўляпсиз?" деганларга:

– Ҳар ким ўз молини сотади, – деб жавоб бердилар.

Яъни, кишининг ўзини тутиши, ҳаракатлари ички оламининг ойнасидир. Бундан келиб чиқсак, ёмонликка ёмонлик қайтариш ҳам кишиларнинг муносабат-муомала шакли. Ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилиш эса инсоннинг маънавий олами нақадар тоза, баланд даражада эканини кўрсатади.

Кишиларга яхшилик қилишнинг уч даражаси бор: биринчиси, яхшиликка яхшилик қайтариш. Иккинчиси, ҳеч нима кутмасдан, таъмасиз яхшилик кўрсатиш. Учинчиси, ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилишдир.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.