(Воқеий ҳикоя)

екатда турган 7–8 ёшлардаги қизалоқ йўловчи таксига қўл кўтарди. Машинага ўтиргач, ҳайдовчи сўради: "Ўзинг ёлғизмисан, қизим, қаерга боришингни биласанми?"

– Холамникига келгандим, уйга кетяпман, уйимизни биламан, – деди қизча.

Ҳайдовчи йўлида давом этди. Кейинги бекатларда бирин-кетин йўловчилар тушиб қолишди. Машинада қизчанинг ўзи қолди ва ҳайдовчига: "Амаки, мен охирги қишлоққача бораман", деди. Ҳайдовчи ўйланди: "Ҳали анча юриш керак экан. Бош­қа машинага ўтказиб юборсаммикан? Йўғ-эй, қизнинг уйи­дагилари ҳам хавотирланиб ўтиришгандир. Олиб бориб қўя қолай". Қизалоқ манзилига етгунча, бошқа йўловчилар учрамади. Ҳайдовчи машинани секинлатиб тўхтатди ва: "Уйингни аниқ биласанми?" деб сўради. Қизча "Ҳа", ишорасини қилгач, "Тушақол бўлмаса", деди. Чўнтакларини титкилаб турган қизча хижолат бўлиб: "Амаки, пулларим тушиб қолибди", деди.

- Майли, майли, қизим, ишқилиб, уйингга аниқ етиб келдингми?

- Ҳа, раҳмат! - деганча қизча тўғридаги дарвозага қараб чоп­қиллаб кетди.

Ҳайдовчи келган йўлидан қайтаркан, қўл телефони жиринглаб қолди. Пойтахтда илм олаётган талаба қизи қўнғироқ қилаётган экан.

– Ва алайкум ассалом, лаббай, қизим? Яхши юрибсанми?

– Дадажон, кеча пул сўраб қўнғироқ қилгандим. Ташвишланманглар. Бугун институтимизда ўтказилган танловда қатнашиб, мен ҳам ғолиб бўлдим. Мукофот беришди. Дуо қилиб қўйинг, дадажон. Хайр, соғ бўлинг!

Ҳайдовчи Яратганга ҳамд айтиб йўлида давом этаркан, хаёлидан: "Ё Раббим, бир лаҳзада биримга ўн бериб, ўзинг мукофотладинг. Қанийди, ҳар дамда яхшилик қилиш қўлимиздан келса?!.." деган ёруғ ўй ўтди.

 

Гулчеҳра МАҲМУД қизи,

Хатирчи тумани