I

Қадим замонларда бир одил шоҳ ва унинг доно вазири ўтган экан.

Улар кечалари эски-тус­ки кийимда, яширинча саройдан чиқишар, маҳалла-кўйларни кузатиб юриша­ркан. Тунда темирчилар маҳалласини айланиб юри­шса, бир уйнинг дераза­сидан милтираган нурни кўриб қолишибди. Яқинроқ боришса, ичкаридан кичкина болғачанинг “тиқ-тиқ” товуши эшитилармиш.

– Ажабо! – дебди шоҳ. – Болға уриши темирчимас, заргарникига ўхшайди.

– Тирикчилигига кундузи етмай, тунда ҳам ишлаётган ким экан? – дебди вазир.

Кулба эшигини секин тақиллатишса, очилиб кетибди. Қулфланмаган экан-да.

Ичкаридан қирқ-қирқ беш ёшлардаги йигит чи­қиб, уларни ичкарига таклиф қилибди. Олдиларига ғарибона дастурхон ёзиб, зоғора нон, жийда аралаш туршак қўйиб, қумғон тагига олов ёқибди.

– Ҳа, уста, бола-чақа кўпми дейман? Кундузи етмагандек, кечаси ҳам тинмаяпсиз? – сўрабди вазир.

– Ҳа энди, тирикчилик-да... Кундузи босқонларда, кечалари қўни-қўшнининг тинчини ўйлаб, болғача билан ишлайман. Худога шукр, учта қизим бор. Тўрт-беш танга тўплаб қўймасам бўлмайди. Қиз дегани – палаҳмон тоши...

– Қарилик ҳамманинг бошида бор. Эртасини ўйлаган одам кам бўлмайди, – дебди вазир.

Улар бир пиёладан чой ичишибди, бир туршакни икки бўлиб оғизларига солишгач, ўринларидан туришибди. Темирчи меҳмон бўлинглар деб қанча илтифот қилмасин, мусофирхона – карвонсарой йўлини сўраб билишгач, у билан хайрлашишибди.

II

Одил шоҳ билан доно вазир йўл-йўлакай темирчининг ночор аҳволига ачиниб, унга қандай ёрдам беришни ўйлаб, саройга қайтиб келишибди...

Иккови маслаҳатни бир жойга қўйиб, шоҳона бир палов қилдиришибди. Бир ҳамёнга юз тиллани жойлаб, чуқур товоқ тагига қўйишибди. Устига уйиб ош суздиргач, шом пайти хизматкорни чақиришибди:

– Буни фалон термичининг уйига элтасан. Кимдан, қаердан эканини зинҳор айтмайсан, – деб тайинлашибди.

Ҳукмдор:

– Умрида қў­лига тилла танга ушламаган темирчини бу катта бойлик не кўйларга солар экан-а? – деб ўйлабди.

– Босар-тусарини билмай қоладиган ундай аҳмоққа ўх­шамайди.

– Ким билади? Тонг отсин, бозор-ўчар бошлансин-чи, шунча тилланинг кучини кўрамиз...

III

Тонг отиб, қуёш найза бўйи кўтарилгач, шоҳу вазир эски кийимларини кийиб, қўлларига ҳасса тутиб, темирчилар маҳалласига йўл олибди. Таниш дераза олдига боришса, ичкаридан босқоннинг тарақ-туруқи эшитилибди. Шоҳ вазирга қарабди, вазир – шоҳга. Иккиси ҳам ҳайрон бўлишибди.

Эшикни қоқишган экан, бос­қоннинг тарақ-туруқи­дан темирчи эшитмабди. Охири устахонага ўзлари кириб боришибди.

– Келинглар, келинглар, меҳмонлар! – дебди темирчи, уларни хушнудлик билан кутиб олиб. Қўлидаги босқонни бир четга қўйиб, юзидан қора терни елкасидаги белбоққа артиб, дас­турхон ёзибди, кечаги қора қумғонга олов ёқибди. Дас­турхонда яна ўша зоғора нон билан бир сиқим туршак аралашган жийда бор эмиш.

– Бизлар қалъани томоша қилдик. Энди қайтиб кетяпмиз. Хайрлашгани кирдик, – дебди шоҳ.

Шоҳу вазир бир-бир­ларига сирли қарашибди. Темирчи ҳушёр, сезгир экан.

– Тинчликми? Бугун бош­қачароқсизлар.

– Кечаги тун қандай ўтди?

– Ҳар доимгидек, ишдан бош кўтармадим.

– Кеча хуфтондан олдин ҳеч қандай воқеа юз бермадими?

– Ҳа, ҳа, қаердандир бир товоқ палов ташлаб кетишди. Аллоҳга шукр, бола-чақа билан тўйиб едик. Лекин бундай мазали, сергўшт паловни умрим бино бўлиб емаган эдим.

– Хўш, кейин-чи, кейин?..

– Нима “кейин”?

– Товоғи қани?

– Ўзимизга етарлисини икки лаганга сузиб олдим. Кейин ўртадаги уюмни бузмасдан, иссиғида есин деб қаровчиси йўқ, камбағал қария қўшнимга товоғи билан чиқазиб юбордим.

– Насиба экан-да! – дебди вазир.

– Паловни сизлар юборганмидингиз, товоқни сўрая­п­сиз?

Шу пайт жуда ҳая­жон­ланган бир қария, кампир ва унинг қизи устахонага кириб келишибди. Уларнинг қўлида ўша товоқ – ўртасида бир ҳовуч тилла, ёнида бўм-бўш ҳамён бор эмиш.

– Э болам! Барака топкур, бу нима қил­ганинг, бизларни ақлдан оздирмоқчимисан? – дебди қария.

Темирчи таниш товоқдаги тиллаларни кўриб, роса ҳай­рон бўлибди.

– Ғазнани ўмардингизми ё хазина топдингизми, ота? – деб сўрабди.

– Биз эмас, сен топгансан.

– Ота, илтимос, тушунтириб гапиринг... Бу тиллаларни ким берди? Кимники булар?

– Сеники.

– Менинг ҳечам тиллам бўлмаган

– Товоқни танидингми?

– Ҳа. Кеча сизга шунда палов чиқарган эдим.

– Ҳа, баракалла.

– Мен сиздан товоқни эмас, тиллаларни сўраяпман.

– Шу тиллалар паловнинг тагидан чиқди.

– Йўғ-э, ҳазиллашманг...

– Мен ҳам ҳайронман. Чиқарган паловингдан етарлича сузиб олдим-у, қолганини товоғи билан, иссиғида ейишсин, деб мен ҳам бева-бечора ён қўшнимга илиндим. Улар эрталаб иситиб еймиз, деб товоққа бир лаган ёпиб, олиб қўйишибди. Эрталаб ошни иситиш учун товоқни қозонга ағдаришса, бир ҳамён чиқибди, ичи тўла тилла. Қозон оловда, палов қозонда қолиб кетаверибди. Она бола югургилаб, тиллани ҳамёну товоғи билан менга олиб чиқишди. Биргалашиб, мана, сеникига келдик.

– Ё тавба, тавба, бу ерда бир сир бор! – дебди темирчи ёқасини ушлаб. Кейин меҳмонларга ҳайратланиб қарабди.

Шоҳ билан вазирнинг ҳайрати ҳам уникидан заррача кам эмас экан.

Шоҳ жандасининг ички чўнтагидан худди товоқдагига ўхшаган бир ҳамён тилла чиқариб, қариянинг қўлига тутқазибди.

– Ота, бу сизга.

Чол ҳамёнга тикилиб қа­раб­ди, товоқдаги ҳамёнга айнан ўхшашлигини муҳ­ридан танибди ва нима гап эканини дарров англабди.

– Нимага? Қайси қилган хиз­­матим учун? – деб сў­рабди у.

– Имон-эътиқодингиз бут­лиги, ҳалол­лигингиз учун.

Шу пайт вазир ҳам шоҳ имоси билан чўнтагидан худди шундай бир ҳамён чиқариб, кампирга берибди.

– Бу нима? – дебди у ҳайрон бўлиб.

– Товоқдаги ҳамённинг шериги, – дебди вазир.

– Менга? Нимага, нима учун?

– Ҳалол-покиза­лигингиз, мўм­­ина, соли­ҳалигингиз учун.

– Лагандаги насиба эса темирчиники, – дебди шоҳ.

Чолу кампир, темирчи ёқа ушлашиб, Яратганга шукрона айтишар экан, шоҳу вазир астагина хайр-хўш қилиб, ташқарига чиқишибди.

– Булар ақлдан озмаса бўлди, – дебди вазир.

– Буларни йўқлик, муҳ­тожлик ақл-ҳушдан оздиролмаган экан, демак, тўқлик ҳам оздиролмайди.

– Сиздек шоҳи бор фуқа­ронинг армони йўқ, – дебди вазир.

– Аксинча, шундай фуқа­ролари бор шоҳнинг армони йўқ.

Одил шоҳу доно вазир суҳбатлашиб, саройга йўл олишибди...

 

Қадам САЙИД МУРОД