Бир кишининг эшаги ташландиқ қудуққа тушиб кетди.

Бечора ҳайвон қанча уринмасин, ҳаракатлари бекор кетарди. Чорасизликдан ҳанграганини эшитиб, эгаси етиб келди ва ҳамқишлоқларини ёрдамга чақирди. Нима қиламиз, қандай чора кўрамиз?.. Ниҳоят, бир қарорга келишди: "Яраланган бир ҳайвонни қутқариш учун вақт, ҳаракат сарфлаш беҳуда. Қудуқни кўмиб юборамиз!" Тезда атрофдан уч-тўрт курак топиб, қудуққа тупроқ ташлай бошлашди. Ҳар сафар устига тушган тупроқларни эшак силкина-силкина тўкиб юборарди. Тупроқ оёқлари тагига тушгани сари оз-оздан юқорига кўтарилиб борарди. Ниҳоят, тепага чиқиб олди ва балодан қутулди...

Баъзида ташвишлар бор оғирлиги билан елкамиздан босади. Бошимиздан тупроқ ёғдиришни истаганлар ҳам бисёр. Буларга бас келишнинг йўли эса,  ҳамма нарсага қўл силтаб, кўринганга зорланиш эмас, аксинча, тинмай ҳаракат қилиш ва ҳеч қачон нажот ҳақидаги ойдин ўйлардан умид узмасликдир. Зеро, Яратганнинг раҳматидан доимо умидвор бўлиш мўминлик белгисидир.

 

Одина ВАҲОБОВА тайёрлади.