– Дадажон, бир соатда қанча пул топасиз?

Ишдан қайтган дадасини ўғли эшик олдида шу савол билан кутиб олди. Кейин салом беришни унутгани эсига тушиб шоша-пиша:

– Ассалому алайкум! – деди.

Ота олдинига ҳайрон бўлди. Кейин ўғлининг бошини силаб, кулди:

– Қанча пул топишимни ҳатто онанг ҳам билмайди.

Бу муомала болага журъат берди, эркаланди:

– Айтақолинг!

Ота жиддийлашди:

– Нимага сўраяпсан? Бирортаси билиб бер, дедими?

Боланинг кўзлари жавдиради:

– Йўўўқ...

– Эллик минг, бўлдими?

Бола бир оз ўйланди, ке­йин жиддийлашди:

– Менга ўттиз минг бериб туринг.

Ишдаги асаббузарликлардан чарчаб келган ота бақириб берди:

– Шунинг учун ҳали уйга кирмасимдан сўроққа тутаётганмидинг?! Бор, ўйна, қайтиб бунақа бемаъни саволлар билан бошимни оғритма!

Ўғли мунғайганича хонасига кириб кетди. Бир оздан кейин ота ўзига келди ва ўйлай бошлади: "Бекор бақирдим. Балки бирорта керакли нарса олмоқчидир?" Шу хаёл билан чўнтагига пулини солиб, ўғлининг хонасига кирганида, бола кўрпасига ўраниб ётарди.

– Ухламаяпсанми, ўғлим?

– Йўқ, дада, – жавоб берди бола.

– Мана, ол, сўраганинг...

Бола сакраб ўрнидан турди, кўзлари қувонч­га тўлди, отасининг бўйнидан қучоқлади:

– Раҳмат, дадажон!

Кейин ёстиғи тагидан ғижимланиб кетган пулларни олди, ҳозиргина берилганларини қўшиб, қайтадан ҳисоблади:

– Мана, энди етади!

Кейин пулларни ҳайрон қараб турган отасига узатди:

– Дадажон, мана, эллик минг сўм бўлди. Бу – сизга! Энди мен билан гаплашишга, ўйнашга бир соат вақтингизни ажратасизми?

Ота нима дейишини билмай қолди. Чунки у оила, болам учун ишлаяпман, деб тиниб-тинчимасди, ўзини ғамхўр оталардан ҳисобларди. Бугунги кутилмаган воқеа унутилмас сабоқ бўлди.

 

Рустам ОХУНЖОНОВ тайёрлади.