Бир подшоҳнинг жондан ортиқ кўрадиган туяси бор эди. У фақат шу туяга қарашлари учун бир неча кишини тайинлаб, уларга маош берарди. Шоҳнинг туяга муҳаббати кучли бўлганидан: “Ким менга туямнинг ўлгани ҳақидаги хабарни келтирса, калласини оламан!” дейишгача борди.

Аммо туя ҳам жонивор...

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, неча йиллар яшаб, барча яратиқлар сингари ниҳоят ўлди. Энди ким ҳам бориб подшоҳга бу хабарни етказади? Бир-икки кун ўтса ҳам ҳеч ким юрак ютиб шоҳга йўлай олмади. Шунда туя боқувчилардан бири: “Бориб, шоҳга туясининг ўлганини маълум қиламан”, деди. Подшоҳ ҳузурига боргач, санай бошлади:

– Султоним, қим­матли туянгиз ётибди – турмайди, кўзларини юмган – очмайди, оёқларини узатган – йиғмайди...

Унинг гапларини диққат билан охиригача тинглаган шоҳ:

– Гапни чўзмасдан, “Туянгиз ўлди”, десанг-чи! – деди.

Шунда доно туякаш:

– Шоҳим! Буни ўзингиз айтинг, чунки бу ишга бош тикилган... – деди.

 

“Гўзал ҳикоялар” китобидан