Бийдай далада жинжакдан бошқа нарса битмаганиданми, ўн ўтовли овул Жинжакли деб аталган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари эди. Адолатсиз тузумнинг совуқ еллари эсарди. Бухор махсум яктагини ташлаб, эгнига камзул илди, Бухор муаллимга айланди. Муаллим ҳам тенг-тўшидан гумонсиради, қўрқди. Ўзини олиб қочди. Аммо элининг фарзанд­ларига таълим берди. Жинжаклида кимнинг саводи чиққан бўлса, Бухор муаллимнинг хизматидан эканини кимлар билиб, кимлар билмади.

Таълим олганларнинг ҳаммаси ҳам устозига ўхшамади. Фақат Қўччининг ўғли Жовли сабоқдан сўнг ҳам махсум хонадонида яшаб, устозидан етарли даражада илм олди.

Шогирднинг мўйи сабза уриб, устоз билан бўйлашганида, аскарликка кетди. Хизматда юриб оққайинлар орасидан мактуб ёзди:

"Устоз, муштга мушт билан жавоб қайтариш керакми?"

Устози Бухор жавоб ёзди:

"Одам одамга мушт кўтариши Яратганга исёндир. Аммо ҳаргиз юзингни тарсакига тутиб берма, унда Тангрининг жамоли бор".

Аскар хизматдан қайтганида Бухорнинг қувончи Қўччиникидан кам бўлмади. Кейин Жовли илм истаб катта шаҳарга кетди. Талаба бўлди. Яна ўқиди, ўқийверди. Ниҳоят, олим бўлиб етишди-ю, Жинжаклига кам келадиган бўлиб қолди. Кўпинча овулдагилар уни йўқлаб боришарди. Мартабаси ошган сайин ошна-оғайнилари ёмон қовуннинг уруғидай кўпайди.

Биринчи устози Бухор махсум кексайган, узоққа боришга кучи йўқ, шогирди Жовлининг мартабасини эшитиб, уни бир кўргиси бор эди. Дарвоза "тиқ" этса, "Жовли келди-ёв" деб, юраги ҳапқириб кетарди. Бироқ остонада ўғли, набиралари кўринарди.

Тўй-маъракаларда у Жовлининг катта даргоҳни бошқараётганини эшитади, Қўччидан сўрашга ботина олмайди. Бош­қалардан суриштиришга юзи бўлмайди. Нима, "Махсум қариганида айниб, Жовли Қўччиевичга бир пайтлар сабоқ берганини таъна қилибди. Нима кўп – муаллим кўп, икки эшикнинг бирида муаллим бор. Ўқитган бўлса ўқитибди-да", деган гапни эшитсинми?! Ёки аскарликда "Илмнинг хосияти не?" деб йўллаган саволига жавоб ёзганман, деса, ким ишонади. Профессор Жовли Қўччиевич Бухор махсумдан илм ҳақида сўраганига эл ишонмайди. Биров-ярим эшитса, махсумнинг боши айланган деб ўйламайдими?

Кунлар ўтди. Махсум ҳеч кимга "лом-мим" демай, эшикка тикилиб омонатини топширди...

Йиллар ўтиб, профессор Жовли Қўччиевич қариди. Болалиги ўтган жойларни эслаб, овулига қайтди. Дил ёриб гурунглашадиган одам топмай, устозини излади. Махсумнинг эшигига борди-ю, чақира олмади. Қия очиқ дарвозадан: "Келинг, Жовли ака!" деган таниш овоз эшитилди. Профессорнинг танига илиқлик югуриб ичкарилади. Овоз соҳиби устози эмас, унинг ўғли экан. Жовлибой нима деярини билмай, махсумни сўради. "Ўтган ҳайит­да кўпга қўшгандик", деган жавобдан аъзолари музлаб кетди. Иш, мансаб-мартабага ҳаволаниб, маҳалла-кўйдан ажраб қолгани, унга сабоқ берган, яхшилик қилган одамларни унутганидан пушаймон бўлди. Ўзи ҳам эл-юртдан бегоналашиб, одамлар хотирасида унут бўлганини англаб етди. Аммо энди кеч, йиллар умр­ни селдек емириб, ёмғир каби ўчирар экан. Мол-мулк, мансаб-мартаба вақти келса унут бўлиб, фақат меҳр-муҳаббат қолар экан. Бу ҳақиқатни инсон эртароқ анг­лаб етса, пушаймонлик, армон каби ўкинчлари камроқ бўлармиди...

 

Нуруллоҳ ЧОРИЁР