Эрталаб автобус бекатида тургандим... Енгил машина яқинимга келиб тўхтади.

–     Синглим, – деб чақирди ўрта ёшлардаги ҳайдовчи. Биринчи қарагандаёқ унинг юз ифодаси диққатимни тортди: нимадандир хижолатдай, кўзларида иккиланиш бор эди.

–     Шу-у, – деди яна қизарин­қирагандай бўлди. – Шу томонда... қариялар уйи бор экан...

–     Ҳа, бор.

– Ҳали узоқми? Қандай борилади?

Қариялар уйига бориш йўлини тушунтираяпман-у, рўпарамдаги ҳайдовчи ўнғайсизланади, ерга қарайди...

У кетди-ю, қиёфаси, ўзини тутиши жумбоқдай ўйлантираверди: "Эҳтимол, табиатан тортинчоқ одамдир? Ёки бирор яқин одами қариялар уйидамикин? Хўп, яқин кишиси ўша ерда бўлса ҳам, мен буни билмайман-ку, нимага уялади?" Хаёлимда шу каби фикрлар айланаверди. Лекин... бошқалар билса-билмаса, яқин қондошу жондошларни қаровсиз қолдириш киши кўнглига ғашлик, изтироб, ўз-ўзига нисбатан норозилик уйғотадиган, жамият орасида ҳадигу хавотирда юришга сабаб бўладиган ёмон иш. Бундай одам қаерда бўлса, унинг сири очилиб қолаётгандай, атрофдагилар бошқача қараётгандай, қалби ҳамиша кемтикдай юрса керак. Ҳалиги одам... ишқилиб, қариялар уйи томонга бошқа сабаб билан бораётган бўлсин-да... Отахону онахонлар умрларининг охиригача орзу-ҳавас, яхши ниятлар билан ўстирган фарзандлари, яқин қариндошлари бағрида, ардоғида бўлсин.

 

Шаҳрибону Султонова