Кекса устоз шогирдига деди:

- Хонамиздаги жигарранг нарсаларни санаб бер!

Шогирд бир оз кузатиб, бу рангдаги анча-мунча нарсаларни айтди.

- Энди эса кўзларингни юм, - деди устоз. Шогирд айтилганидек қилгач, устоз кўк рангдаги буюмларни бирма-бир санашни буюрди. Йигит довдираб қолди:

- Мен уларга эътибор қилмадим...

Устоз деди:

- Унда кўзларингни очиб қара!

Шогирд хонага кўз югуртириб, ҳайратда қолди - кўк рангли буюмлар анча эди!

- Олдинига жигарранг нарсалар ҳақида сўраб, кейин кўзим юмуқ ҳолда кўк ранглиларини санашимни талаб қилдингиз... - хафа бўлди шогирд.

Кекса устоз табассум қилди:

- Мендан хафа бўлма. Тўғри хулоса чиқар, ўғлим. Инсон ҳаётида ҳар хил ҳодисаларга дуч келади ва баъзилар нимагадир воқеаларнинг фақат ёмон томонларини кўради. Яхши тарафларига эътибор бермайди.

- Мени ҳам ҳар доим ёмонликларга тайёр туришни ўргатишган, шунда ҳеч қачон саросимага тушиб қолмайсан, дейишган. Агар, айтганингиздек, ҳамма нарсадан фақат яхшилик кутсам, ёмонликка дуч келганимда довдираб қолмайманми?

- Йўқ, - деди устоз. - Ҳаётдаги кўп яхшиликларни эътироф этмаслигимиз - ёмон оқибатларни кутиб яшашимиз натижаси. Кишиларни бугуннинг синовлари эмас, кечаги ишлардан пушаймонлик, эртанги кундан қўрқув тушкунликка туширади. Агар қоқилишни кутиб, хавотирда юрсанг, албатта, қоқиласан. Ҳар бир ишнинг яхши томони бўлади, деб ишонсанг, уни излайсан ва топасан.

 

Нигора НЕЪМАТ қизи тайёрлади.