Инсон пайдо бўлганидан бери улар орасида Муҳаббат ва Қасд ёнма-ён яшаб келишаркан.

Фақат яхшилик ундиргани учун Аллоҳ таоло Муҳаббатнинг уруғини барокотли қилиб қўйибди. У инсонларнинг бир-бирига меҳрини ошириб, яхшиликни кўпайтираркан. Қасднинг эса қилар иши ёмонлик экан. У Муҳаббатнинг яхшиликларини кўролмай ичи ёнар, уларни йўққа чиқариш, одамларни бир-бирига қарши қайраш, адоват уруғларини сепиш билан шуғулланаркан. Чунки у шайтони лаиннинг йўл-йўриқларига, кўрсатмаларига амал қилиб кун кўраркан. Лекин қанча айёр, устамон бўлмасин, унинг қора ишлари доим фош бўларкан.

Йиллар ўтибди. Одамлар Қасд қилмишларининг оқибатини тушунишибди, уни ўзларидан узоқлаштиришни истасалар-да, Қасд устамонлик билан ораларига кираверибди.

Ҳамма Муҳаббатни алқабди, унга ошно бўлишни истабди. Муҳаббат шарофатидан яхшилик ва оқибат роса кўпайибди. Аммо бахтсиз кимсалар қалбининг туб-тубига яшириниб олган Қасд уларни ҳасад ўтида қорайтириб, ниятини лойқалайвераркан.

Муҳаббат яхшилик қилавераркан, Қасд ундан қасд олишга интилавераркан...

Фақат... ана шу кураш оқибатларидан одамзод хулоса чиқара билиши, Муҳаббатга ошно бўлиб, Қасддан узоқроқ юришни ўрганиши керак экан.

 

Ҳожи Абдураҳим ИБОД ўғли,

Қамаши тумани