Эр-хотин 60 йил бирга умр кечиришди. Ҳаётлари ҳамма ҳавас қиларли, тинч ва осуда ўтди. Фарзандлар тарбиялаб, камолга етказишди. Ораларида ҳеч сир бўлмади. Фақат... Аёл ўз жавони ичида бир поябзал қутисини сақларди. Сочларига оқ оралагач, сирни ошкор қилиш ниятида эрини чақирди. Қутичани олиб, ичини очди. Унда қўлда ясалган икки дона қўғирчоқ ва бир даста пул ётарди. Эр ҳайрон бўлиб: “Бу нима?” деб сўради. Аёл: Шу десангиз, тўйимиздан олдин бувижоним менга бахтли яшаш сири ҳақида насиҳат қилиб: “Умр йўлдошинг билан асло баҳслашма. Аччиғинг келганда, ўзингни чалғитиш учун қўғирчоқ ясагин”, деганлар.

Эрнинг кўзи ёшланди, сабаби қути ичида фақат иккита қўғирчоқ бор эди-да! “Демак, шу йиллар давомида икки мартагина хотинимни хафа қилибман-да”, деб ўйлади. Сўнг яна аёлидан сўради: “Унда, бу қандай пуллар? Ахир буларни рўзғордан тежаб, мендан яшириб тўпламагандирсан?” Аёл хотиржамлик билан: “Бу пулларни қўғирчоқларни сотиб йиғганман...” деди.

 

Нигора НЕЪМАТ қизи тайёрлади.