Бундан уч-тўрт йил аввал содир бўлган бу воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир куни тартибга қаттиқ амал қиладиган ҳамкасбим ишга бир оз кечикиб келди. Оиласи билан яхши таниш, борди-келдимиз борлиги учун кўришим билан ҳол-аҳвол сўрадим:

– Ҳамма тинч, опангизга бир сурпириз қилай дедим-да! Электр гўшт майдалагич совға қилдим, – деди мамнун қиёфада ҳамкасбим. – Ўзиям болаларни боғчага олиб кетганида, ошхонага олиб кириб қўйдим-у, ишга чопдим. Кўриб роса ҳурсанд бўлгандир?!

Назаримда, шу куни кечгача ҳамкасбимнинг ҳаёли телефонда бўлди. Тез-тез қўлига олади-ю, жойига қўяди. Кўриниб турибди, хотинининг қувончини билишни истаяпти. Афуски, Малика опам сим қоқмади. Тоқати тоқ бўлган ҳамкасбим ўзи телефонда рақам терди:

– Малика, уйдамисан?! – деди ўпкаланган оҳангда.

– ...

– Ошхонадаги совғамни кўрмадингми?! – унинг кайфияти борган сари тушиб борарди.

– ...

– Нимага бир оғиз телефон қилиб қўймайсан?!

– ...

Ҳамкасбсим жаҳл билан гўшакни қўйди:

– Бировга олган нарсамни сенга кўрсатаманми, чиройли гулқоғозга ўратиб пешонангга қўйиб қўярмидим?! Аёл кишиям сал....

У ёғи одатий гаплар... Бироқ шу воқеа менга жуда катта дарс бўлди. Дарров ўзимни тафтиш қилишга киришдим. Аксарият ҳолларда мен ҳам шундай эътиборсиз эканимга амин бўлдим. Оиласининг шодлиги, тўкислиги учун елиб-югураётган инсон гоҳ-гоҳида хизматларининг эътирофини эшитишга ҳақли эканини тушуниб етдим. Бу ҳол унинг кўксини тоғдек кўтариш билан бирга, оиласи ҳақида янада кўпроқ ғамхўрлик қилишга ундашини англадим ва ўшандан буён турмуш ўртоғим уйга олиб келган ҳар бир нарсадан қувонганимни билдираман, раҳмат айтаман, эътибор билан қарайман.

Аслида, жуда оддий туюлган шугина омил ҳам бугун оиламнинг фаровон турмушига сабаб бўлаётгандек.

Айтайлик, эрингиз уйга оддийгина нон кўтариб келди. Сиз бунга унинг вазифаси деб қараманг, мен учун, болалар учун атайин кўтариб келди-ку, деб миннатдорчилик билан ўйланг. Эшикдан кириб келиши билан қўлидаги нарсаларни олиб жойлаш асносида бир оғиз гап билан ташаккурингизни изҳор қилинг: “Ўтган галги картошка жуда ширин чиқди-да”, “сабзиларни қаранг, бир текис-а”. Бу оддий гаплар эрингизнинг толиққан асабларини тинчлантириб, оилангизнинг тотувлигини таъминлайди.

Азиз эркаклар ҳам ўз аёли умрини, барча жисмоний ва ақлий қувватини фарзандлар тарбиясига, хонадонни саранжом-саришта, ораста қилишга сарфлаб, чексиз меҳрини бераётганини унутмасалар, қандай яхши! Вақти-вақти билан айтилган овқатинг ширин чиқибди, уй бирам шинам каби самимий гаплар аёлнинг кучига куч қўшади, фидойилиги ортади.

Нўъмон ибн Баширдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Ким оз нарсага шукр қилмаса, кўп нарсага ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр (раҳмат) айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир, (жамоатдан ) ажралиш азобдир”. (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса шукр қилиш неъматни заволдан сақлаши айтилган. Демак, шукр қилиш – раҳмат айтиш асносида оиламиз фаровонлигининг давомийлигини таъминлаймиз. Бу илоҳий бир ҳикматдир!

 

 Нигора Мирзаева