Овчи бир куни қуш тутиб олди.

– Мени қўйиб юбор, эвазига сенга учта қимматли маслаҳат бераман, – деди қуш унга.

Қуш биринчи маслаҳатни овчининг қўлида, иккинчисини тол шохига қўнганида, учинчисини эса тепалик устида айтишга ваъда берди.

Овчи рози бўлди ва биринчи маслаҳати нималигини сўради.

– Агар бирор нарсани қаттиқ ардоқласанг-у, йўқотиб қўйсанг, унинг учун афсусланма!

Овчи қўйиб юборган қуш учиб бориб толнинг шохига қўнди ва иккинчи маслаҳатини айтди:

– Ақлга тўғри келмайдиган, исботи бўлмаган гапларга ҳеч қачон ишонма!

Кейин қуш тепалик томон учди ва ўша ердан туриб қичқирди:

– Эҳ омадсиз одам! Мен иккита катта-катта олмосни ютиб юборгандим. Агар мени ўлдирганингда, уларга эга чиқардинг.

Овчи аламидан бошини чангаллаб анча турди.

– Ҳеч бўлмаса, менга учинчи маслаҳатингни айтиб кет, – деди бир оз ўзига келиб.

– Қанақа нодон одамсан, – чирқиради қуш, – биринчи ва иккинчи маслаҳатимни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмай, учинчисини сўраяпсан. Мен сенга қўлингдан кетганига ачинмаслик ва ақлга тўғри келмайдиган гапга ишонмаслик кераклигини айтдим. Сен эса ёлғон гапга ишониб, айрилиб қолган нарсангга ачиндинг. Ўзинг ўйла, кичкина қуш қандай қилиб иккита катта олмосни ютиб юбориши мумкин?!