Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо олимларни эъзозлайдиган, уламолар суҳбатидан завқ оладиган инсон эди. Унинг атрофидаги олимлардан бири Неъматуллоҳ исмли киши доимо “Аллоҳ ҳаромдан сақланган инсонни Ўзи асрайди”, деган гапни тез-тез такрорлаб юрарди. Шоҳруҳ Мирзо эса бунинг ҳар доим ҳам мумкин эмаслигини, инсон ўзи билмаган ҳолда ҳаромга қўл уриши мумкинлигини айтарди.

Бир куни шоҳ Неъматуллоҳнинг шарафига зиёфат уюштириб, унга ўз ёнидан жой кўрсатди. Дастурхонга қизартириб пиширилган қўй гўшти келтирилди. Ҳамма каби Неъматуллоҳ ҳам иштаҳа билан овқатланди. Таом тортаётган хизматкорлардан бири “Аллоҳ ҳаромдан сақланган инсонни Ўзи асрайди” сўзларини такрорлаб турарди. Ниҳоят, таомланиб бўлдилар. Шунда Шоҳрух Мирзо Неъматуллоҳдан сўради:

– Аллоҳ ҳаромдан ҳазар қилганни ҳамиша ва ҳар жойда асрайдими?

– Асрайди, шоҳим, ҳаромдан қочса, унга ҳаромни насибу рўзи айламайди.

– Аммо Аллоҳ сени асрамади. Сен биз билан бирга ҳаром луқма единг.

– Йўқ мен ҳаром емадим, уни сизлар едингиз.

– Эй Неъматуллоҳ, бунга даъво ҳам қила кўрма. Иккимиз бирга еган қўзини менинг одамларим ўғирлаб келгандилар.

– Сизга ҳаром бўлган нарса менга ҳалол бўлиши мумкин.

Ҳукмдор ҳайратда қолди:

– Бу қандоқ бўлди, ўғирлаган бир қўзи бизга ҳарому сенга ҳалол?

– Агар ишонмасангиз, қўзининг эгасидан сўранг, – деди Неъматуллоҳ.

Подшоҳ одамлари қўзининг эгасини топиб келдилар. Қари аёл экан. Қўзини ўғирлаганларини, пишириб еганларини эътироф этиб, пулини тўлашларини айтдилар.

Аёл пулни рад этди, унинг жавоби ўша қўзини Неъматуллоҳ учун ҳалол қилди.

Айтинг-чи, азиз муштарий, аёл қандай жавоб берди?

 

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.